Ўзбекистонга Афғонистондан 46 та ҳарбий самолёт ва вертолёт ўтгани маълум бўлди

Жамият

image

Жорий йилнинг 14-15 август кунлари Ўзбекистон Республикасининг ҳаво ҳудуди чегарасидан 22 та ҳарбий самолёт ҳамда 24 та ҳарбий вертолёт ноқонуний ўтди. Уларнинг ичида жами 585 нафар қуролланган ҳарбий хизматчилар бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабар берди.  

Қайд этилишича, Афғонистон Ислом Республикасига тегишли ушбу самолёт ва вертолётлар мажбурий равишда Термиз халқаро аэропортига қўндирилган.

Бундан ташқари, кеча, 15 август куни Қарши шаҳридаги “Хонобод” аэропортига қўниш учун рухсат сўраган Афғонистон Ислом Республикасининг 3 та “ЭМБРАЙЕР-314” русумли ҳарбий самолёти Термиз аэропортига қўниш тўғрисида огоҳлантирилган. Шу билан бирга, улар Ўзбекистон Республикасининг 2 та “МИГ-29” русумли ҳарбий самолёти кузатувига олинган. 

“Лекин, кузатув давомида “ЭМБРАЙЕР-314” ва “МИГ-29” русумли самолётлар тўқнашиб, Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудига қулаган. Ушбу самолётлар учувчилари парашют (катапульт) орқали ерга тушишган”, дейилади прокуратура хабарида.

Шу куни 158 нафар афғон фуқаролари ва қуролланган ҳарбий хизматчилари дарё орқали Термиз тумани ҳудудига Ўзбекистон Республикаси чегарасидан қонунга хилоф равишда ўтган.

Хабарга кўра, мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан Жиноят кодексининг 223-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда Бош прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қайд этиш керакки, Афғонистон Ислом Республикаси энди йўқ. Жорий йилнинг 15 август куни ҳокимият “Толибон” ҳаракати назоратига ўтди. Улар эса бир вақтлар мавжуд бўлган Афғонистон Ислом Амирлигини қайта тузмоқчи. Президент Ашраф Ғани истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди.

Унинг ҳозир қаерда экани маълум эмас. Бу борада турли томондан ҳар хил хабарлар келмоқда. Шу вақтга қадар собиқ Президент Ғанининг Тожикистон, Омон ва Ўзбекистонда бўлиб тургани ҳақида ахборот пайдо бўлди. Бироқ, якунда уларнинг ҳеч бири ўз тасдиғини топмади. Катта эҳтимол билан у АҚШдан бошпана олмоқчи.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1966

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг