Ўзбекистонга 9 ойда қанча пул келиб тушгани маълум бўлди
Local
−
21:40 735 2 minutes
Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида халқаро пул ўтказмалари орқали Ўзбекистонга 15,2 млрд доллар миқдорида валюта маблағлари келиб тушган бўлса, 2 млрд доллар чиқиб кетди. Бу ҳақда Марказий банк томонидан эълон қилинган ички валюта бозори шарҳида келтирилган.
Қайд этилишича, ҳисобот даврида Ўзбекистонда хорижий валютага бўлган талаб 50,4 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 17,9 фоизга ошган. Ички валюта бозорида хорижий валюта таклифи (Марказий банк операцияларин ҳисобга олмаган ҳолда) 43,8 млрд долларни ташкил этиб, 2025 йилнинг январь-сентябрь ойларига нисбатан 25,3 фоизга ўсган. Шунингдек, мазкур даврда юридик шахслар томонидан хорижий валютага талаб 2025 йилнинг январь-сентябрь ойларига нисбатан 15,3 фоизга, хорижий валюта таклифи ҳажми 26,7 фоизга ошган.
Шу билан бирга, экспорт тушумларининг 9,5 млрд доллари ёки 57,2 фоизи ички валюта бозорида сотилган (2025 йилнинг январь-сентабр ойларига нисбатан 33 фоиз ёки қарийб 2,4 млрд долларга кўп). Аҳоли томонидан тижорат банкларига 18,9 млрд доллар сотилиб, ушбу кўрсаткич 2025 йилнинг 9 ойлик якунларига нисбатан 1,2 баробарга ошган (2025 йил январь-сентябрь – 15,3 млрд доллар).
2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида халқаро пул ўтказмалари орқали Ўзбекистонга 15,2 млрд доллар миқдорида валюта маблағлари келиб тушган бўлса, 2 млрд доллар маблағ чиқиб кетган ҳамда 13,2 млрд долларлик ижобий сальдо юзага келган.

Жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида миллий валюта айирбошлаш курси 1 АҚШ доллари учун 11 765 – 12 320 сўм диапазонида тебранган ва сентябрь ойи якунида 11 821 сўмни ташкил этган ҳолда, йил бошига нисбатан 1,5 фоизга қадри ошган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг 6 ойида халқаро пул ўтказмалари орқали Ўзбекистонга 9,3 млрд доллар миқдорида валюта маблағлари келиб тушган бўлса, 1,3 млрд доллар маблағ чиқиб кетгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All