Ўзбекистондаги таниқли нашр Россия байроғи остида чоп этилмоқда
Жамият
−
24 Август 2023
26857Асосан ички ишлар ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органларининг фаолиятини доимий равишда ёритиб борадиган “Муқаддас бурч” газетаси Россия байроғи остида нашр қилинмоқда. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га Фанлар академияси Тарих институти кичик илмий ходими Завқибек Маҳмудов маълум қилди.
“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз”, “Ватанни севмоқ иймондандир”, “Маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмайди” шиорлари остида чоп этилувчи мазкур газетанинг чап бурчагида соҳибқирон Амир Темурнинг пойтахт Тошкентнинг Амир Темур хиёбонига ўрнатилган ҳайкали акси туширилган бўлиб, унинг ортида Россия Федерациясининг байроғи хилпираётган лента кўринишида жой олган.
“Амир Темур ортида Россия байроғини қўйилишидан бош мақсад нима? Ғоя-чи? Ёки, шуми “Муқаддас бурч”? Миллий байроғимиз кўринмас даражада кичкина қилиб жойлаштирилган. Россия байроғи эса...”, дейди куюниб Завқибек Маҳмудов QALAMPIR.UZ билан суҳбатда.
Ушбу газета Навоий вилоятида 2016 йилдан буён ҳафтасига 1200 нусхада чоп этиб келинмоқда ва бугунги кунгача газетанинг миллионлаб сони айнан Россия байроғи остида нашр этиб келинган.
Масалан, газетанинг 2022 йил 22 октябрь сонида Навоий вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Азат Тасбаевнинг “Ватанимиз ва халқимизга садоқат билан хизмат қиламиз” дея номланган мақоласи чоп этилган.
Навоий вилоят судининг судьяси Турғун Қаҳҳоров ҳам 16 августда “Қонунчиликдаги янгиликлар ҳуқуқларни самарали ҳимоя этишга қаратилмоқда” номли мақоласини айнан шу газетага берган. Аммо шунча навоийлик мансабдорларнинг бирортаси газетанинг Россия байроғи остида чиқаётганини пайқамаган ёки кўрган бўлса ҳам эътироз билдирмаган.
Яна бир ажабланарли томони шуки, бутун бошли Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Россия байроғи остида чоп этиб келинаётган мазкур ижтимоий-ҳуқуқий газетани “Муқаддас бурч” — севимли газета” дея улуғлаб чиқди.
“Айрим юртдошларимиз “Энди газеталарга ҳожат қолмади” деган фикрда эканидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Ким нима деса десин, қандай фикрда бўлмасин, босма нашрлар ҳар қандай даврда маънавият чироғи саналиб келинган. Шундай босма нашрлардан бири Навоий вилоятида чоп этиб келинаётган “Муқаддас бурч” газетасидир”, дейилган уюшма мақтовида.
Бироқ уюшма ҳам “севимли” газетанинг Россия байроғи остида чиқаётганига кўз юмиб ўтган.
Бу ҳолат тарихчиларнинг эътирозига сабаб бўлгач, уюшма газета ҳақида ашъорларга тўла мақоласини ўчириб ташлади.
“Нима учун шу пайтгача мутасаддилар бунга қаршилик қилмай келди. Бу ҳолат кечирилмаслиги керак. Журналистлар уюшмаси нега газетани мақтаб чиқишга чиқди-ю, биз эътироз қилгандан кейин ўчириб ташлади. Демак улар ҳам эътибор бермаган, улар ҳам газета бермоқчи бўлган асосий мақсадни тушунмаган”, деди тарихчи Маҳмудов.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Навоий вилоят бошқарма бошлиғи Дилшод Мамаражабовнинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, газета мустақил нашр бўлиб, Навоий шаҳрида 2016 йил 9 июнда 07/073 рақамида “Матбуот-тараққиёт” МЧЖ муассислигида рўйхатдан ўтказилган.
“Муқаддас бурч” газетасининг асосий фаолияти ўз номидан келиб чиқиб, ҳуқуқ-тартибот органларининг фаолиятини ёритишдир. Унинг доимий ҳамкорлари эса Адлия, адвокатлар палатаси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни айтиш мумкин”, деди Мамаражабов.
Бироқ газетанинг айнан қачондан бошлаб рус байроғи остида чоп этилаётгани аниқ эмас. Аммо нашрнинг 2022 йилги сонларидан кўриш мумкинки, газетанинг Россия байроғи билан халққа тутқазилаётганига бир йилдан ошган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь