Ўзбекистондаги шаҳарларнинг экологик рейтинги эълон қилинди
Жамият
−
12 Июль
12189Ўзбекистондаги 14 та маъмурий марказнинг экологик рейтинги тузиб чиқилди ва шаҳарлар 100 балли тизимда баҳоланди. Наманган шаҳри 62, 29 балл тўплаб, мамлакатдаги энг яшил шаҳар деб топилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Иқлим ўзгариши миллий маркази маълум қилди.
Рейтингнинг кейинги ўринларида Самарқанд 61,13 балл ва Навоий шаҳри 59,5 балл билан мос равишда 2-, ва 3-ўринларни эгаллади.
Экологик барқарор шаҳарлар рейтинги ҳудудларни 7 та йўналишда ўрганиш орқали тузиб чиқилган. Бунда ҳаво сифати, ердан фойдаланиш, транспорт, сув, чиқинди, санитария ва энергия соҳалари қамраб олинган. Охирида умумий рейтинг натижалари ҳисоблаб чиқилган. Умумий рейтингда энг ёмон натижани Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳри кўрсатган бўлса ҳам, шаҳар энг тоза ҳаволи ҳудуд деб топилган.
Ҳаво сифати бўйича иккинчи ва учинчи ўринни Самарқанд ва Урганч шаҳарлари эгаллаган. Энг ёмон ҳаво эса Термиз шаҳрида экани қайд этилган.
Ердан фойдаланиш таҳлилларида Самарқанд, Қарши ва Наманган шаҳарлари энг юқори балларни тўплаган. Бу йўналишда энг паст кўрсаткичлар Нукус ва Навоий шаҳарларига тегишли. Рейтинг ўрганишлари шаҳарда яшил ҳудуд, боғлар ва парклар киши бошига қанча тўғри келиши, аҳолининг зичлиги ва шаҳарда оғир саноат қанчалик ёйилгани каби талаблар асосида олиб борилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бошқа йўналишлардан фарқли равишда ердан фойдаланиш даражаси республика шаҳарларининг аксарида жуда ёмон экани қайд этилган.
Транспорт соҳасида эса киши бошига нечта транспорт тўғри келиши, шаҳарнинг транспорт стратегияси ва йўлда машиналар тиқинининг қанчалик ҳал қилингани масалалари ўрганилган. Бунда Топ 3 таликка Андижон, Қарши ва Нукус шаҳарлари киритилган. Тошкент шаҳри эса транспорт энг ёмон ташкиллаштирилган шаҳар деб топилган.
Рейтингнинг 4-йўналиши шаҳарда киши бошига қанча сув тўғри келиши, қанчаси исроф қилиб юборилаётгани, сувни яхшилашга оид шаҳар меъёрлари, чиқинди сувдан фойдаланиш чора-тадбирлари кабиларни қамраб олади. Буни нисбатан яхши ташкиллаштирган шаҳарлар сифатида Термиз, Андижон ва Наманган шаҳарлари кўрсатилган.
Чиқиндиларни йиғиш, кўмиш ва уларни қайта ишлаш соҳаларида эса Нукус шаҳри 8,59 балл билан энг яхшиси деб топилган. Энг ёмон аҳвол эса Бухоро шаҳрида. Шаҳарда чиқиндиларни йиғиш ва унинг атроф-муҳитга таъсирини минималлаштириш бўйича ҳаракатлар 0 балл деб баҳоланган.
Ўрганишларнинг олтинчи тури санитария бўлиб, бунда аҳолининг санитария қоидалари билан таништирилганлик даражаси, канализацияга улангани ва талабга жавоб берадиган ҳожатхоналардан фойдаланиш даражаси ўрганиб чиқилган. Бу йўналишда Тошкент шаҳри энг юқори ўринни эгаллаган, кейинги ўринлар мос равишда Навоий ва Жиззах шаҳарларига тўғри келган.
Охирги йўналишда шаҳарда энергия ва СО₂ бўйича таҳлиллар олиб борилган. Бунда киши бошига ўртача йиллик энергия истеъмоли, шаҳарнинг энергия сабаб бўладиган углерод газларини камайтириш бўйича стратегияси кабилар ўрганилган. Бунда мос равишда Навоий, Бухоро ва Термиз шаҳарлари биринчи 3 таликка кирган. Нурафшон шаҳрида эса бу кўрсаткич 0 баллга баҳоланган.
LiveБарчаси