Ўзбекистондаги энг йирик газ омбори эгасининг улуши Хитой компаниясига сотилдими?
Жамият
−
24 Февраль
20312Ўзбекистоннинг энг йирик – Газли газ сақлаш омборига эгалик қилувчи “Gazli Gas Storage”нинг 60 фоизлик улуши Хитойга тегишли бўлган Daxon Holding Limited'га сотилди. Бу улуш аввалроқ Россиянинг “Форус” акциядорлик жамиятига тегишли эди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 февралдаги қарори билан тасдиқланган инвестиция дастурида Daxon Holding Limited 2020–2025 йилларда “Газли конида газни ер остида сақлаш иншооти ҳажмини 10 млрд метр кубга ошириш, Газли конининг газ ва нефть уюмларида қўшимча геология-қидирув ишларини бажариш ва уларни якунловчи босқичда ишлатиш (1-босқич)” лойиҳасини амалга ошириши белгиланган эди.
Қизиқ томони шундаки, газ омбори бошқарувчисининг улуши сотилгани, қандай шартлар асосида инвестиция киритилгани ҳақида жамоатчиликка батафсил маълумот берилмади. Компания 2019 йил 23 июлда Гонгконгда рўйхатдан ўтган.
Бир неча кун аввал “Gazli Gas Storage” ерости газ омбори сиғимини 3 миллиард кубометрдан 6 миллиард кубометрга оширишни режалаштираётгани маълум қилинган эди.
2017 йилда эса, омбор сиғими 10 миллиард кубометрга оширилиши, бу борада Россиянинг “Форус” компанияси “Ўзбекнефтгаз” билан ҳамкорлик қилиши айтилган эди. 2018 йил май ойида Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида “Ўзбекнефтгаз” ва “Форус” ўртасида англашув меморандуми имзоланган.
2018 йил 17 октябрга келиб, “Gazli Gas Storage” МЧЖ қўшма корхонаси рўйхатдан ўтказилди. Компаниянинг 40 фоиз улуши “Ўзтрансгаз” АЖ, 60 фоизи “Форус” АЖга тегишли бўлган. Бу вақтда “Форус” АЖнинг ташкил этилганига эндигина 1 йил бўлганди.
2019 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ишчи гуруҳ тузилиб, Ўзбекистоннинг нефть-газ соҳасидаги ҳолати ўрганилган эди.
Текширувлар натижасида тақдим этилган ҳисоботда “Форус” АЖга нисбатан жиддий шубҳалар борлиги қайд этилган. Хусусан:
- компания 2017 йилда атиги 10 минг рубль ёки ўша вақтдаги курс бўйича 155 доллар устав фонди билан очилган;
- ташкил этилганидан буён молиявий фаоллиги қайд этилмаган (икки йил давомида компаниядаги маблағлар ҳаракати 3 минг рубль ёки 46 доллар бўлган);
- газ омбори сиғимини ошириш каби лойиҳаларни амалга ошириш тажрибаси йўқ.
Шунингдек, айтилишича, “Форус” тўғридан тўғри хорижий инвестиция жалб қилиш ўрнига, мажбуриятларни “Gazli Gas Storage” МЧЖга юклаган ҳолда кредит олишни режалаштирган.
Хориж матбуотида “Форус”нинг эгаларидан бири россиялик бизнесмен Иван Егоров экани, у миллиардер Геннадий Тимченконинг бизнес шериги экани ҳақида хабарлар тарқалган. Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Европа Иттифоқи санкцияларига учраган Тимченкони ОАВда Россия Президенти Владимир Путиннинг дўсти деб аташади.
“Форус”нинг ўрнини эгаллаган Daxon ҳолдинги эса, офшор зоналар қаторига кирувчи Гонгконгда рўйхатдан ўтган.
Моҳинур Маматова
LiveБарчаси