Энди радарлар қайд этган тезликдан 5 км эмас, 10 км/соат чегириб ташланиши мумкин
Жамият
−
16 Март
3629Энди Ўзбекистонда радарларда қайд этилган тезликдан 5 км/соат эмас, 10 км/соатгача чегириб ташланиши мумкин. Бу ҳақда Олий Мажлис қонунчилик палатаси хабар берди.
Қайд этилишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган.
“Қонун лойиҳаси билан тезлик билан боғлиқ қоидабузарликлар бўйича радар ва спидометрлар кўрсаткичлари хатоларидан келиб чиқиб, қайд этилган тезликдан 10 км/соат чегириб ташланган ҳолда маъмурий жазо қўлланилиши назарда тутилмоқда”, дейилади хабарда.
Шундай қилиб, ҳаракатланиш тезлиги 60 км/соат белгиланган ҳудудда радар томонидан 69 км/соат тезлик билан ҳаракатланган деб топилган ҳайдовчига жазо чораси қўлланилмайди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда қонунчиликка киритилган ўзгартириш билан Ўзбекистонда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 60 километрдан ортиқ катталикда ошириб юбориши 5 625 000 сўм жарима солишга сабаб бўлиши белгиланганди.