Россияда қаровсиз қолган 30 бола Ўзбекистонга қайтарилади
Жамият
−
14 Март
1498Бир қатор вазирлик вакиллари хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг болаларини Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида Ўзбекистонга қайтариш мақсадида навбатдаги хизмат сафарига – Россия Федерациясига жўнаб кетди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, айни дамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари билан ҳамкорликда Москва, Санкт-Петербург, Астрахань, Волгоград, Иркутск, Челябинск, Владивосток ва Ульяновск шаҳарларида, шунингдек, Москва, Ленинград, Орёл, Смоленск ва Владимир вилоятларида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 30 нафар боланинг ҳужжатларини расмийлаштириш ишларини олиб борилмоқда.
“Вояга етмаган болаларнинг доимий рўйхатдан ўтган жойидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари олиб келинаётган болаларни оилавий муҳитга қайтариш бўйича чора-тадбирлар кўрмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида Россиянинг Саха Республикаси Нерюнгри шаҳрида қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган она ва унинг тўрт нафар фарзанди Ўзбекистонга қайтарилганди.
LiveБарчаси