Ўзбекистонда журналистлар ҳимояси кучайтирилиши кутилмоқда

Жамият

image

Ўзбекистонда 2022-2026 йилларда жамоатчилик назорати кучайтирилади. Бунда асосий ролни ўйновчи журналистларнинг касбий фаолияти ҳимояси янада кучайтирилади. Бу ҳақда “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси”нинг 12-мақсадида сўз боради. 

Унга кўра, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, жамоавий мурожаатлар асосида ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурлари ижро сифатини текшириш амалиёти жорий этилади. 

Айрим давлат функцияларини амалга ошириш жараёнига жамоатчилик назорати субъектларини кенг жалб қилиш, давлат органлари фаолиятини ўрганишда ижтимоий сўровлар ўтказиш ҳамда аниқланган камчиликларни очиқ муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйилади.

Аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ва сайлов маданиятини ошириш, сайловларга оид халқаро стандартларни қонунчиликка имплементация қилиш ишларини давом эттирилади.

Оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтириш, одамларни қийнаётган муаммолар ҳамда ислоҳотларнинг ижроси аҳволини ўрганишда уларнинг меҳнатидан самарали фойдаланилади.

Ижтимоий шерикликнинг самарасини ошириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини икки баробарга оширилади.

Халқ депутатлари Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига ажратилаётган маблағлар ҳажмини 7 баробарга оширилади.

Ўзбекистонда бир неча йиллардан буён, сўз ва матбуот эркинлиги ҳақида бот-бот гапирилмоқда. Шунга қарамай, журналист ва тасвирчиларга нисбатан тазйиқ ва бўҳтонлар йилдан йилга авж олиб боряпти. Тасвирчиларнинг камераси синдирилгани, флешкалари ютиб юборилганига ҳам гувоҳ бўлдик. Сенат ва бошқа ташкилотлар томонидан ҳар қанча муносабат билдирилмасин, иш назоратда экани айтилмасин, ОАВга босим қилган, фаолиятини чеклашга уринганларга қатъий чоралар кўрилмас, жазо берилмас, журналистлар дахлсизлиги таъминланмас экан матбуот анжуманлари ўтказиб сўз эркинлиги ҳақида гапиришнинг мантиғи бўлмайди.

Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлигига нисбатан талаб ва уни таъминлашга бўлган ҳаракатларга хос равишда журналистика касби билан боғлиқ хавф даражаси кескин кўтарилиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг август ойида QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова “Tashkent city” ҳудудидаги ресторанлар Ўзбекистон Республикасига Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорини писанд қилмай, 20:00 дан кейин ҳам фаолият юритаётгани ҳақидаги танқидий-таҳлилий репортаж тайёрлади ва бу бебошлик жамоатчиликнинг ҳақли эътирозини келтириб чиқарди.

Репортаж оммага тақдим этилганидан бир кун ўтар-ўтмас, ижтимоий тармоқларга Феруза Нажмиддинованинг номини булғовчи, ҳеч қандай асосга эга бўлмаган номақбул видео сиздирилди. Видеода кўп қаватли уйнинг балконида ишқий муносабатда бўлаётган аёл ва эркак акс этган бўлиб, видео қаҳрамонларини таниб олиш жуда қийин. Шунга қарамай, ушбу видеонинг бошига журналист Феруза Нажмиддинованинг иш фаолияти давомида тушган суратлари жойлаштирилиб, монтаж қилинган ва гўё номақбул видео қаҳрамони журналист Феруза Нажмиддинова экани ёзилган. Ҳақиқат қарор топди ва бу видео қаҳрамони Феруза Нажмиддинова эмаслиги тасдиқланди. 

Гарчи, 4 ой олдин QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинованинг шаьнини топташ, уни обрўсизлантириш мақсадида қилинган туҳмат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлса-да, ҳали ҳануз айбдорлар топилгани йўқ, мутасаддилар эса ҳамон жим.

Бу каби туҳмат тоши KUN.UZ журналисти Раҳматилла Исроиловга ҳам отилган эди. “Журналист мендан 1 гектар ер беришни сўради”, деб туҳмат қилиб, қилмиши учун жазосиз қолган мансабдор ёдимизда. Иш судга топширилган эди. Аммо, Олмазор тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Абдурасул Ваҳобов KUN.UZ мухбирига туҳмат қилмаган, деб топилган. Лекин журналистнинг ер сўрагани ҳам исботсиз қолган. Покуратура Ваҳобовнинг тушунтиришидан бошқа бирорта далил бўлмаса-да, журналист мансабдордан 1 гектар ер майдонини сўраган, деб топган.

Ачинарлиси, қарорда ушбу ҳолат айнан нима билан тасдиқлангани, Раҳматилла Исроилов Абдурасул Ваҳобовдан айнан қачон ва нима мақсадда ер сўрагани, бунинг эвазига қанча миқдорда пул (пора) таклиф қилгани тафсилотлари баён этилмаганди.

Қолаверса, KUN.UZʼнинг яна бир журналисти Илёс Сафаров давлат тили тўғрисидаги қонунчиликка амал қилишни талаб қилиб боши балога қолганини айтади. Гап шундаки, журналист Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган брифингда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Елена Бабенконинг рус тилида тақдимот қилганига эътироз билдириб, ундан “Давлат тили тўғрисида”ги қонун бўйича ўзбек тилида чиқиш қилишини сўрайди. Сабаби қонунда ҳам давлат тадбирлари ва конференциялар давлат тилида ўтказилиши белгиланган.

“Айнан шу кундан кейин, бир ҳафта кўрмаган куним қолмади. Шунчалик босимлар бўлдики, ҳатто, оиламга ҳам таҳдидлар бўлди. Нима десам экан, “Синглинг, отанг, онанг, уканг бор. Уларнинг қаерда ишлаши, қаерда ўқишини биламиз. Уларнинг тинч бўлишини хоҳласанг, ўзинг ҳам бу мавзуда тинч юр, деган таҳдидлар бўлди”, дейди Сафаров.

Журналистларга таҳдид билан боғлиқ яна бир ҳолат AZON.UZ таҳририяти собиқ бош муҳаррири Абдулазиз Муборак билан юз берганди. У ҳам ўзига нисбатан Дин ишлари бўйича қўмита мутасаддилари босим қилганини ёзганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тараққиёт стратегияси

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

3.6

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг