Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади

Жамият 3559
image

Ўзбекистонда 2022 йилдан бошлаб  “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойили асосида онлайн хизмат кўрсатиш тизими жорий этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони лойиҳасида сўз боради. Фармон ўтган йилнинг 30 декабрь куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Давлат хизматлари қамрови ва тезкорлигини ошириш, уларнинг кўрсатилишида аҳолининг барча қатламлари манфаатларини инобатга олинишини таъминлаш мақсадида 2022 йилда:

•    фуқаролар томонидан давлат органларига видео алоқаси орқали мурожаат қилиш ҳамда сурдотаржима қилиш хизматларидан фойдаланиш имкониятларига эга махсус платформа яратилади;

•    фуқароларга муддатли, муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларни бериш ва алмаштиришни ҳамда композит давлат хизматларини уларнинг мурожаатини кутмасдан туриб таклиф этиш амалиёти йўлга қўйилади;

•    “Фуқароларнинг рақамли паспорти” лойиҳасини жорий қилиш ҳисобига аҳолидан муайян фактларни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш амалиёти бекор қилинади;

•    кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш тизимини соддалаштириш ва уларга замонавий технологияларни жорий этиш орқали қўшимча қулайликлар яратилади.

Фармонга мувофиқ, Адлия вазирлиги уч ой муддатда давлат хизматлари тизимини халққа янада яқинлаштириш, навбатларни қисқартириш, давлат хизматларини рақамлаштириш ва уларнинг 20 фоизини хусусий секторга ўтказиш чораларини назарда тутувчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамаси киритиши лозим. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 126
Рейтинг: 3
t
×