Ўзбекистонда “Яшил тўлов” платформаси жорий қилинади
Жамият
−
24 Ноябрь 2023
8180Ўзбекистонда “Яшил тўлов” платформаси жорий қилинади. Бу ҳақда кеча, 23 ноябрь куни “Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағларнинг камида 50 фоизи “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”ни ташкил қилиш учун “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида шаклланган “Менинг боғим” лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади.
Бунда аҳоли ташаббуси билан “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”ни ташкил қилиш бўйича майдон манзили ва расмлари кўрсатилган ҳолда қиймати 250 млн сўмдан ошмаган ташаббус билдирилади.
“Менинг боғим” лойиҳаларини шакллантириш ва уларга овоз бериш жараёни ҳар йили январь-февраль ойларида ўтказилади.
Фармонга мувофиқ, автомобиль, темирйўл, дарё ва каналлар ёқалари, давлат органлари ва ташкилотлари ер участкаларининг фойдаланилмаётган қисмида (ўрмон фонди ерлари бундан мустасно) “яшил боғлар” ушбу ерларнинг эгалари, фойдаланувчилари ҳамда ташаббускор жисмоний ва юридик шахслар ўртасида 10 йилгача тегишли шартларда тўғридан-тўғри тузиладиган икки томонлама шартнома асосида барпо этилади.
Ер участкалари республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига “яшил боғ” барпо этиш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади.
Шунингдек, ҳар йили “Энг яшил маҳалла” танлови ўтказилиб, натижалар бўйича ғолиб бўлган 14 та маҳаллага Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан:
- маҳалланинг тегишли жамғармасига дарахтлар экиш ва суғориш, “яшил жамоат парки”ни яратишга жами 500 миллион сўмдан ўтказиб берилади;
- ўзини ўзи бошқариш органларига хизматда фойдаланиш учун 1 тадан электромобиль харид қилиш ва топшириш чоралари кўрилади.
2024 йилда ўрмон фондининг 1,5 минг гектар ер майдонларида касаначилик асосида кўчат етиштириш ишларини йўлга қўйиш орқали камида 10 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланади.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг буюртманомалари асосида дарахт ва бута кўчатларини экишни ташкиллаштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида электрон тўлов тизимларидан фойдаланувчилар ва бошқа истеъмолчилар томонидан ихтиёрий хайрия ўтказмалари бўйича хизмат кўрсатувчи “Яшил тўлов” платформаси жорий қилинади.
Шунингдек, 2024–2026 йилларда Тошкент шаҳри атрофида жами 441 гектар майдонда “яшил белбоғ”лар барпо этилади.
LiveБарчаси