Ўзбекистонда яна терговга чақирилган шахс вафот этди. Туман ИИБ бошлиғи бўшатилиб, икки киши ҳибсга олинди

3-саҳифа

image

Тошкент вилояти Бўка туманида ИИБ томонидан терговга жалб этилган фуқаро вафот этди. Унинг ўлимидан сўнг воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходим ҳибсга олинди, шунингдек, туман ИИБ бошлиғи А.Бабаханов ва бошқа масъул шахслар лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг 4 июнь куни Ички ишлар вазирлиги Навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, Тошкент вилояти Бўка тумани ҳудудида фуқаро У.С. бир қатор ўғирлик жиноятларини содир этишда гумонланиб, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан қўзғатилган жиноят иши доирасида 3 июнь куни терговга жалб этилган. Юқоричирчиқ туманида яшовчи 1987 йилда туғилган мазкур шахснинг ҳимоячиси иштирокида Бўка тумани ИИБ тергов хонасида видеоёзувга тўлиқ ёзиб олинган ҳолда сўроқ қилинган.

Гумонланувчи У.С. соат 19:00 да Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси билан процессуал тартибда ушланган ва Бўка тумани ИИБдаги “Фуқароларни вақтинча сақлаш хонаси”га жойлаштирилган.

Маълум қилинишича, шу куни соат 23:30 ларда гумонланувчи У.С.нинг соғлиғи ёмонлашгани сабабли тез-тиббий ёрдам хизмати чақиртирилиб, шифокорлар томонидан кўрсатилган муолажаларга қарамасдан шифохонада вафот этган.

Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирининг ўринбосари Я.Абдулхаков, ИИВ Шахсий хавфсизлик хизмати ҳамда вилоят прокуратураси ходимларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойига чиқиб, вазият ўрганилиб, воқеа жойи кўздан кечирилган ва ишга алоқадор ходимларнинг кўрсатмалари олинган.

Аниқланишича, 3 июнь куни соат тахминан 22:00 ларда гумонланувчи У.С. Бўка тумани Жиноят қидирув бўлимининг тезкор ходимлари томонидан процессуал тартиб бузилган тарзда махсус сўров хонасига эмас, балки хизмат хонасига олиб чиқилиб, у билан бошқа жиноятга алоқадорлиги бўйича суриштирув ўтказилган. Жараёнда фуқаронинг соғлиғи ёмонлашиб, кейинчалик ўлими юз берган (Вазирлик томонидан мазкур ҳолат акс этган видео эълон қилинмади).

Тайинланган бирламчи суд-тиббий экспертизасининг ташхисига кўра У.С.нинг танасида тан жароҳатлари борлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 235-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходимлар Ж.Д. ва Ғ.Ш.лар ҳибсга олинган.

Холис тергов ва текширувни таъминлаш мақсадида, Ички ишлар вазирининг буйруғи билан хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган Бўка тумани ИИБ бошлиғи А.Бабаханов, унинг биринчи ўринбосари В.Худайқулов, жиноят қидирув бўлими раҳбари Ж.Субанов, тергов бўлими бошлиғи Ж.Ачилов, шунингдек навбатчилик қисми масъули Ш.Ибрагимов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Бундан ташқари, мазкур салбий ҳолатга алоқадор бўлган тезкор ходимлар Ж.Д. ва Ғ.Ш.лар ички ишлар органлари тизимидан бўшатилган.

Шунингдек, Вазирликнинг марказий аппарати ҳамда Тошкент вилояти ИИББ масъул раҳбарлари ва бошқа ходимларининг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган.

Вазирликнинг билдиришича, қонунчиликка мувофиқ, ички ишлар органлари ходимларининг қонунбузарлик хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш прокуратура органлари томонидан амалга оширилишини инобатга олган ҳолда барча материаллар прокуратура органларига тўлиқ тақдим этилади ва ҳолатга холисона баҳо бериш мақсадида улар билан яқиндан ҳамкорлик қилинади.

Ҳозирда ишга алоқадор тезкор ходимлар ўз жиноий қилмишларини рад этаётган бўлсаларда, марҳум У.С. танасида тан жароҳатлари борлигини ҳисобга олиб прокуратура томонидан қўшимча гистологик (ички органлар ва тўқималардаги жароҳат вақти ва даражасини аниқлаш бўйича) экспертизаси тайинланган. Мазкур экспертиза маълум муддат талаб қилади ва унинг хулосаси ва тўпланган далиллар бўйича ходимларнинг жиноий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади.

“Ички ишлар вазирлиги инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлигини таъминланишига сўзсиз жавобгардир. Шахсга нисбатан қийноқ қўлланилиши, зўравонлик ёки бошқа тарзда ғайриинсоний муносабатда бўлиши вазирлик томонидан қаттиқ қораланади ва бунга йўл қўйган барча ходимлар қонун олдида қатъий жавоб беради”, дейилган хабарда.

Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, ички ишлар органлари ходимлари билан боғлиқ вазият бўйича марҳумнинг оила аъзолари ҳамда яқинларига таъзия билдирган. Вазирлик мазкур фуқаронинг вафот этгани муносабати билан чексиз таассуфда эканини қайд этган.

Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳолат бўйича маълумот бериб, жиноят иши қўзғатилганини билдирди

“Бўка туманида терговга жалб қилинган гумонланувчи шахснинг вафоти билан боғлиқ ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 235-моддаси (Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) билан жиноят иши қўзғатилди. Воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходим ҳибсга олинди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда”, дейди Бош прокуратура вакили.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ИИО ФМБга олиб келинган 21 ёшли йигит вафот этганди. Ички ишлар вазирлиги берган маълумотларга ишонадиган бўлсак, йигит терговдан қочиш мақсадида бинонинг 4-қаватида жойлашган ҳожатхона деразасидан пастга сакраб, вафот этган. Ҳолат бўйича ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатларига баҳо бериш мақсадида хизмат текшируви ўтказилаётгани маълум қилинганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

ўлим Бўка тергов Бўка тумани ИИБ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг