Ўзбекистонда яна бир дори болалар ўлимига сабаб бўлаётгани ростми?
3-саҳифа
−
07 Февраль
19075Ижтимоий тармоқларда Украина компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Антиструмін-Дарниця” препаратининг сурати ва мазкур дори воситасидан Ўзбекистонда болалар нобуд бўлгани айтилган овозли ёзув тарқалмоқда. "Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази" давлат муассасаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Унга кўра, ушбу ёзувда айтилган маълумотлар асоссиз, яъни бу препаратдан болалар нобуд бўлмаган. Шунингдек, “Антиструмін-Дарниця” дори воситаси Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилмагани ҳамда тиббиёт амалиётида қўлланишига рухсат этилмагани билдирилган.
“Мамлакатимизда дори воситаси тиббиёт амалиётида қўлланилиши учун қонунчиликка мувофиқ, қоида тариқасида дастлаб давлат рўйхатидан ўтказилиши зарур”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, мазкур жараёнда дори воситасининг тегишли ҳужжатлари ўрганилиб, марказ лабораториялари томонидан унинг сифати, хавфсизлиги ва самарадорлиги тасдиқланади ва ижобий хулосалар асосида давлат рўйхатидан ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” сиропи Ўзбекистонда 65 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлганди. Шундан сўнг фармацевтика компанияси дори воситалари ишлаб чиқаришда саноат даражасида ишлатиладиган заҳарли моддадан фойдалангани аниқланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 2022 йилнинг 22 декабрдаги буйруғи билан “Док-1 Макс” дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш белгиланган.
Кейинроқ Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компанияси ушбу дориларни ишлаб чиқаришни тўхтатгани маълум қилинди. Мазкур компания томонидан ишлаб чиқарилган барча турдаги дори воситаларининг савдоси ҳам тўхтатилди.
LiveБарчаси