Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи ошди
Жамият
−
24 Январь
41433Ўзбекистонда 2024 йилда ўртача ойлик иш ҳақи 2023 йилга қараганда 17,4 фоизга кўтарилди. Бу ҳақда Статистика агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 2024 йилда Ўзбекистонда ўртача номинал (солиқ ва бошқа тўловларни ўз ичига олган) ойлик иш ҳақи 5 млн 357 минг сўмни ташкил этган. Ушбу кўрсаткич 2023 йилда 4 млн 562 минг сўм бўлган.
Қайд этилишича, 2024 йилнинг январь-декабрь ойларида ҳудудлар бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичлари Тошкент шаҳрида (9 072,4 минг сўм), Навоий вилоятида (6 766,1 минг сўм), Тошкент вилоятида (5 097,9 минг сўм), Андижон вилоятида (4 616,1 минг сўм) ҳамда Бухоро вилоятида (4 343,9 минг сўм) кузатилган.
“2024 йил январь-декабрь ойлари учун ўртача ойлик иш ҳақи кўрсаткичини шакллантиришда қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектлари ҳисобга олинмаган, чунки фермер хўжаликлари ҳамда кичик тадбиркорлик субъектлари йилда бир марта ҳисобот тақдим этиши белгиланган”, дейилади агентлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий Осиё давлатлари орасида ўртача иш ҳақи бўйича Қозоғистон етакчилик қилаётгани ҳақида хабар берилганди. МДҲ Давлатлараро статистика қўмитаси томонидан эълон қилинган қиёсий маълумотларга кўра, ўтган йилнинг сентябрь ойида Қозоғистон Республикасида ўртача номинал иш ҳақи 817,2 долларни ташкил этган – бу Ўзбекистон (437,8 доллар) ёки Қирғизистон (411,2 АҚШ доллари)дагидан деярли икки баравар кўп.
LiveБарчаси