Ўзбекистонда ўлат тарқалгани ростми? Мутахассис жавоб берди
Жамият
−
23 Июль 2020
19979Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда ҳарорати ошаётган беморлар ортиб кетгани, бу коронавирус эмас, Қозоғистондан кириб келган ўлат экани ҳақида хабарлар тарқалди.
Бу масалага Миллий вирусология институти директори, бош инфекционист Эркин Исакович Мусабоев ойдинлик киритди. У ўлат қаерларда учраши ва қай йўсинда юқиши ҳақида маълумот берди.
“Ўлат (чума) жуда қўрқинчли ҳолат ҳисобланади. Бир неча асрлар аввал кузатилган бу касаллик жуда кўп ўлимларга олиб келган. Аммо бу касаллик тарқалгани 100 фоиз хато. Ўлат – антропоноз касаллик, яъни унинг тарқалиши учун табиий ўчоқ керак. Бу табиий ўчоқ чўл зоналарида бўлади. Унинг тарқатувчилари кемирувчилар – каламуш, бурга кабилар бўлади. Улар микроб тарқатиб, одамларга ҳам юқтиради.
Ўзбекистонда кемирувчиларни назорат қилувчи карантин станциялари мавжуд. Кемирувчилар кўпайиб кетган тақдирда, уларни текширишади ва камайтиришади.
Ўзбекистонда одамларда 1996 йилда ўлат кузатилган, шундан бери ўтган 24 йил ичида кузатилгани йўқ. Шаҳар шароитида пайдо бўлмайди. Ўлатнинг ўчоғи чўл зонасида. Коронавирус эса кўриб турганимиздек, шаҳар зоналарида – аҳоли концентрацияси юқори бўлган ҳудудларда кенг тарқалмоқда”, деди Тиббиёт фанлари доктори Эркин Мусабоев “Тез ёрдам” дастурида.
LiveБарчаси