Ўзбекистонда турклар қураётган биноларнинг йиқилмаслигига ишонса бўладими?
Жамият
−
08 Февраль 2023
8064Шу йил 6 февраль тонгида бошланиб, бугунгача Туркия ва дунёнинг бошқа қатор давлатларида давом этган кучли зилзила оқибатида кўплаб одамлар ҳалок бўлмоқда. Айниқса, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинаётган видеоларда кўп қаватли баланд биноларнинг бирданига қўлаб тушаётгани ва вайроналар остида одамлар қолиб кетиб, ҳалок бўлаётгани жуда ачинарли. Бу эса бошқа мамлакатлар учун ҳам муҳим сигнал бўлиб, сергакликка чақиради.
Хўш, агар Ўзбекистонда шундай зилзила содир бўлса, бинолар бунга бардош бера оладими ёки улар ҳам Туркия ва Суриядаги бинолар каби ер билан битта бўладими? Мамлакатда қурилаётган иншоотлар зилзилаларга қай даражада бардошли?
Мазкур саволларга жавоб олиш мақсадида QALAMPIR.UZ Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида соҳага оид қатор мутахассислар ҳамкорлигида ўтказилган матбуот анжуманида қатнашди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Давронжон Одилов юқоридаги саволларга жавоб бераркан, Туркиядаги зилзила оқибатлари вазирлик мутасаддилари томонидан ўрганилгани, бундан хулоса чиқарилганини таъкидлади.
“Туркиядаги зилзила оқибатларини ўрганиш натижасида, туркиялик мутахассислар, Туркия қурилиш вазирлиги мутасаддилари билан гаплашдим. Ҳозир зарар кўрган бинолар категорияларга ажратилмоқда. Биз учун ҳам бу ҳодисадан жуда катта сабоқ, дарс чиқади. Яъни биз бугунгача зилзилаларга бардошли қурилиш материалларини тадбиқ этиш, янги стандартларни киритишга илмий-текшириш методологияси орқали ёндашар эдик. Лекин сўнгги кунларда содир бўлган воқеалардан катта дарс олиш кераклигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда”, дейди вазир ўринбосари.
Агар шундай кучли зилзила Ўзбекистонда кузатилса, талафотларнинг олди олинганми, деган саволга жавобан Давронжон Одилов бундай вазиятда давлат барча жавобгарликни ўз зиммасига олишини маълум қилди.
“Бугунги кунда Ўзбекистонда молиялаштириш манбасидан қатъи назар зилзилабардошлилик бўйича экспертиза хулосаси мажбурий ҳисобланади, давлат бунинг кафолатини 100 фоиз таъминлаб беради. Давлат бинони қуриб, битириб, фойдаланишга топширилишига қадар сейсмик хавфсизлиги бўйича мажбуриятни ўз зиммасига олади”, дейди Одилов.
Бироқ у бино фойдаланишга топширилгандан кейин унинг эксплуатациясига ҳам жиддий эътибор қаратиш кераклигини эслатиб ўтди. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринча ўринбосарининг айтишича, бинони фақат лойиҳалаштиришда ёки курилишида сейсмик хавфсизликка эътибор қаратиш керак, деган тушунча йўқ. Бинонинг хавфсизлиги унинг эксплуатациясига ҳам боғлиқ.
“Ўзбекистонда фақат давлат бинолари эмас, тадбиркорларнинг бинолари, хусусий бинолар бор. Тадбиркорлар бугун бинонинг эксплуатациясига беэътибор бўлмаслиги керак. Лекин давлат биноларида ҳар йили зилзилабардошлилик ва ёнғин хавфсизлиги бўйича мониторинг ўтказилиб, фавқулодда вазиятларда бино ичидан одамларни чиқариб олиш бўйича барча чора-тадбирлар амалга оширилиб келинади. Лекин такрор айтаманки, бу фақат давлат бинолари ва ижтимоий соҳа муассасаларида”, дейди у.
Мухбир вазир ўрнибосарининг эътиборини сўнгги йилларда Ўзбекистонда қурилаётган кўплаб биноларда Туркия компанияларининг улуши катта эканига қаратди. Туркиянинг унчалик мустаҳкам бўлмаган бинолари ва қурилиш соҳасидаги амалда ўзини оқламаган тажрибаси бугун Ўзбекистонда қўлланилаётган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирди. Вазир ўринбосари бу саволга қуйидагича жавоб берди:
“Ўзбекистонда бино лойиҳасини турк лойиҳачиси қиладими ёки япон лойиҳачисими, улар лойиҳани тугатгандан кейин биринчи навбатда маҳаллий лойиҳа институти тарафидан аккредитациядан ўтказилади ва Ўзбекистон шароитига мослаштирилади. Шундан сўнг, Қурилиш вазирлиги экспертизасидан ўтказилади. Шунинг учун чет элда бинолар йиқилди, энди биздаги бинолар ҳам йиқиладими, деган хавотирларингиз ўринсиз. У бинолар билан Ўзбекистондаги бинолар ўртасида от билан туячалик фарқ бор”.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь