Ўзбекистонда Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни белгиланиши мумкин
Жамият
−
12:10 876 1 дақиқа
Ўзбекистонда ноябрь ойининг иккинчи якшанбасини Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни сифатида белгилаш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда бугун, 20 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Фармацевтика ходимлари кунини белгилаш муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.
Унга кўра, амалдаги қонундаги “Тиббиёт ходимлари куни” номини “Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни” деб ўзгартириш назарда тутилмоқда. Ушбу ўзгариш фармацевтика соҳаси ходимларининг ҳам касб байрамини белгилашга қаратилган.
Қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 50 мингдан ортиқ фармацевтика мутахассиси фаолият юритмоқда. Мамлакатда 504 та фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона, 478 та дистрибьютор ташкилот ва 14 мингдан ортиқ дорихона аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Қонун лойиҳаси “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ҳамда “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунларда қўлланилган тушунчалар билан уйғунликни таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Лойиҳа қабул қилиниши фармацевтика ходимларининг жамиятдаги мавқеини ошириш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилган.
Live
Барчаси