Ўзбекистонда судлар мустақилми? Улар учинчи ҳокимият эканини сезяптими?
Интервью
−
21 Октябрь 2020
8048Жорий йилнинг, 6 октябрь куни Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева Зангиота туманида жойлашган тергов ҳибсхонасининг аёллар бўлинмасидан озод қилиниб, унга нисбатан қўлланилган қамоққа олиш эҳтиёт чораси уй қамоғида сақлаш чорасига ўзгартирилгани ҳақида хабар берган эдик.
Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан қўлланилган қамоққа олиш эҳтиёт чорасининг уй қамоғига ўзгартирилишини ОАВ ва жамоатчилик Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёеванинг ушбу ҳолатга билдирган муносабати билан боғлади. Мирзиёеванинг муносабатидан кейин прокуратура судга эҳтиёт чорасини ўзгартириш бўйича ҳужжат киритди ва шу куннинг ўзида суд илтимосни қаноатлантирди.
Хўш, мамлакатда қонун ишлаши, гендер тенглиги таъминланиши, адолат қарор топиши учун ташқи муносабат ва мансабдорларнинг турткиси керакми?
Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори, захирадаги прокуратура полковниги, юридик фанлар номзоди Сайёра Хўжаевага кўра, Ўзбекистонда судлар том маънода мустақил эмас.
“Муносабатлар ортидан ишлайдиган қонунчилик. Бу вазиятда демократик жамиятда аслида ишлаши керак бўлган қонун, фақат кимдир туртки берса ишлайдигандек кўриниб қолади”, дея Хўжаевага юзланади журналист Қамариддин Шайхов.
Сайёра Хўжаева: — Бу ўзбекчилик, бу стереотип. Бирорта раҳбар турткилаши эмас, қонун ўзи ишлаши керак. Охирги 4 йил ичида раҳбаримизнинг сиёсий иродаси сабаб кўп нарсалар ўзгаряпти. Аммо, қачонгача айримлар юқоридан ташаббус, топшириқ кутиб яшашади? Қачон ўзлари ташаббус билан чиқиб, янгича ишлашади? Мана, муаммо каерда.
Қ.Ш.: — Демак судлар ҳали ҳам суст ишлаяпти, ёки...
С.Х.: — Судларни бугун том маънода мустақил, деб айтолмаймиз. Йиллаб йиғилиб келган, қотиб қолган тизим таъсири бор. Суд идоралари уларга берилган ваколатлар кенг бўлишига қарамай, ўзини ҳамон учинчи ҳокимият эканини сезмаяпти. Мустақилликнинг бошиданоқ, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жадал олиб борилди. Қонунларимиз либераллашди, судьяларнинг мавқеини ошириш йўлида бир қанча Президент фармонлари қабул қилинди. Уларга катта имкониятлар ва имтиёзлар берилди, маошлари кўтарилди. Судьялар ҳам давлат томонидан берилган эътиборни оқлашлари зарур эди, чунки уларни қўлида ҳам жуда катта куч бор. Қолаверса, том маънода учинчи ҳокимият бўлишига давлат томонидан мисли қўринмаган ишлар қилинди. Энди, улардан биз жамият ҳалол меҳнатни ва адолатли ҳукм ва қарорларни кутиб қоламиз.
Суҳбатни тўлиқ ушбу манзилда ўқишингиз мумкин.
Йўлдошева иши
Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори, вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева коронавирус касаллигига чалинган бемор ўлимига сабабчи бўлиш ва 250 млн сўм маблағни талон-торож қилишда айбланиб ҳибсга олинганди.
У Зангиота туманида жойлашган тергов ҳибсхонасининг аёллар бўлинмасида сақланаётган эди.
Йўлдошевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган эди.
Жорий йилнинг 8 сентябрь куни шифохона Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.
Прокуратура баёнотига кўра, айбланувчи Гулжаҳон Йўлдошева тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан “қамоққа олиш” эхтиёт чораси қўлланилган.
Биз бугунгача ушбу иш юзасидан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри прокурори Бахтиёр Иброҳимов, вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансери Бош шифокори Феруза Шоносирова, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасида вафот этган шифокор Фаррух Рустамовнинг рафиқаси Камола Рустамова, Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Низом Абдуллаев билан суҳбатлашдик. Ушбу интервьюларда улар бир овозда Гулжаҳон Йўлдошевани айблаган. QALAMPIR.UZ воқеаларга янада аниқлик киритиш, иккинчи тарафнинг фикрларини тинглаш мақсадида Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳимоячиси Хушнуд Ахроровга микрофон тутди.