Ўзбекистонда синалган Хитой вакцинаси неча кишига ножўя таъсир қилди?

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Инновация вазирлиги Хитойнинг Zhifei Longcom компанияси ZF-2001 рекомбинант вакцинаси синови муваффақиятли ўтгани муносабати билан аҳолини эмлашда мазкур вакцинадан фойдаланишни ҳамда бунинг учун Ўзбекистон Республикасига коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан вакцинадан фавқулодда фойдаланиш учун рухсат (EUA) берилишини таклиф қилмоқда. Бу ҳақда кеча, 15 февраль куни Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида сўз борган. 

Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган Республика Махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида биринчи марта бир гуруҳ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам иштирок этган. Бу ҳақда депутат Дониёр Ғаниев ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди. 

Йиғилишда Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналарни ишлаб чиқиш ҳамда аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш ишларини бошлаш ва ташкиллаштириш чоралари муҳокама қилинган. 

Ўзбекистонда Инновация вазирлиги бошчилигида Хитойнинг Zhifei Longcom компанияси билан ҳамкорликда  ZF-2001 рекомбинант вакцинасининг 3-фаза клиник синов босқичи ўтказилмоқда. Ҳозирга қадар  3-фаза клиник синови доирасида 6697 та кўнгиллилар вакцинанинг 1-дозаси билан эмланган бўлса, яна 1209 таси 2-дозани ҳам қабул қилган.

Депутат Дониёр Ғаниевга кўра, клиник синовнинг дастлабки натижаларига кўра, вакцина қабул қилганлар орасида 1-даражали ножўя таъсирлар (аллергик реакция, бироз иситма чиқиши, бош оғриғи) 5 нафар шахсда кузатилган ёки 0.3%ни ташкил этган, холос (солиштириш учун, бу кўрсатгич "Pfizer/Biontech"да 2-3.8%, "Сутник V"да эса 0.3-0.4%ни ташкил этган). 2- ва 3-даражали ножўя таъсирлар эса кузатилмаган.

“Ушбу клиник синовнинг муваффақиятли натижалари ортидан Инновация вазирлиги  Ўзбекистонда аҳолини эмлашда мазкур вакцинадан фойдаланишни ҳамда бунинг учун Махсус комиссия томонидан вакцинадан фавқулодда фойдаланиш учун рухсат (EUA) берилишини таклиф қилмоқда.

Агар Махсус комиссия томонидан бундай рухсат берилган тақдирда, вакцина яратилишида ҳамкор томон сифатида Ўзбекистонга вакцина имтиёзли нархларда ва етарли қувватларда етказиб берилади. Шунингдек,  мамлакатда вакцина ZF-UZ-2001 номи остида Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда тижоратлаштирилиши режалаштирилмоқда”, деб ёзади Ғаниев. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири – Республикаси махсус комиссияси раиси Абдулла Ариповга кўра, Хитой компанияси маҳаллий фармацевтика компаниялар билан ҳамкорликда ZF-UZ-2001 вакцинацини жорий йилда 300 млн донагача ишлаб чиқиш қувватига эга ҳамда бизга аҳоли сони ва  талаблари асосида етарли миқдорда вакцина дозаларини етказиб бериши мумкин. Бу эса жорий йил охиригача мамлакат аҳолисини оммавий равишда эмлаш имкониятини яратади.

Шунингдек, Ҳукумат раҳбари Халқаро Вакциналар Иттифоқи (GAVI) томонидан Ўзбекистонга 2.5 млнга яқин Astra-Zeneca (Оксфорд, Британия) вакциналарини бепул етказиб берилиши бўйича ҳам музокаралар якунланаётганини маълум қилган. Музокаралар якунига қараб, ушбу вакциналарнинг дастлабки 800 минг донаси жорий йилнинг март ойларида Ўзбекистонга келтирилиши кутилмоқда. 

“Умуман олганда, Ўзбекистон ҳукумати аҳолини катта қисмини, биринчи навбатда ёши катта, сурункали касаллиги бор, фуқароларга биринчи хизмат кўрсатувчи соҳа ходимларини (шифокор, ўқитувчи, ИИО ходимлари ва ҳоказо) жорий йил охиригича коронавирусга қарши вакцина билан тўлиқ эмлашни ўз олдига мақсад қилган. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ёши катта ва аҳолини бошқа заиф қатламлари вакилларини вакцина билан эмлаш бепул тарзда яъни бюджет маблағлари ҳисобига амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Жаҳонни энг ривожланган, бой давлатларида ҳам эмлаш ишлари суст кетаётган бир пайтда Ўзбекистон ҳукумати томонидан бу борада аниқ манзилли ишларни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар бўлаётгани ҳам қувонарли, ҳам фахрланарли ҳолат, деб ҳисоблайман”, деб ёзмоқда депутат Ғаниев.


Мақола муаллифи

Теглар

Дониёр Ғаниев коронавирус вакцинаси

Баҳолаганлар

205

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг