Ўзбекистонда шакар нархи кўтарила бошлади
Жамият
−
17 Март 2022
49569Ўзбекистонда шакар тақчиллиги юзага келгани айтилмоқда. QALAMPIR.UZ муштарийларининг маълум қилишича, бугун, 17 март ҳолатига баъзи ҳудудлардаги бозорларда шакарнинг нархи 14 минг сўмдан 17 минг сўмгача қимматлашган.
“Кеча 1 қопи 500 минг сўмдан сотилаётган шакар бугун 700 минг сўмга сотиляпти”, дейди фуқаролардан бири.
Муштарийлар мурожаатидан маълум бўлишича, ҳудудлар кесимида шакар нархлари қуйидагича:
• Тошкент – 9 – 14 минг сўм (1 килограмми);
• Хоразмда – 12 – 13 минг сўм;
• Жиззахда — 10 – 14 минг сўм;
• Навоийда — 9 – 14 минг сўм.
“Икки кун олдин бир қоп шакарни ишхонага 430 мингга, яъни бир килосини 8 300 сўмдан олгандим. Бугун яна борсам, бир қопини 700 минг сўм деди. Олмасдан қайтдим”, дейди бошқа бир фуқаро.
Шу билан Тошкентдаги айрим дўконларда бир одамга маълум бир миқдорда шакар сотиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Аввалроқ, Россия Федерацияси Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатларга буғдой ва учинчи давлатларга шакар сотишни тақиқлаб қўйгани хабар қилинганди. Бунинг ортидан Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бу ҳолат мамлакатда мазкур маҳсулотлар тақчиллигини юзага келтирмаслиги ҳақида баёнот берган.
Маълумот учун, Ўзбекистон бозорларида шу пайтга қадар шакар 8 мингдан 10 500 сўмгача сотилаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, Давлат статистика қўмитаси ҳам 10 март ҳолатига кўра, берган ҳисоботида шакар нархининг қимматлашганини айтган эди.
Ўзбекистон 2021 йилнинг дастлабки 11 ойида 12 та хорижий давлатдан 23,2 минг тонна шакар импорт қилган. Хусусан:
• Россиядан – 5,3 минг тонна;
• Озарбайжондан – 4,6 минг тонна;
• Польшадан – 3,7 минг тонна;
• Украинадан – 3,4 минг тонна;
• Қозоғистондан – 1,5 минг тонна шакар олиб келинган.
LiveБарчаси