Қирғизистондаги мактаб ва боғчаларда шакар истеъмол қилиш меъёри камайтирилди
Олам
−
16:22
505Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги болаларнинг шакарни ортиқча истеъмол қилишини камайтириш чораларини кўрмоқда. Бу ҳақда Жогорку Кенеш депутати Достон Бекешев маълум қилди.
Унга кўра, мактаб ва боғчаларда шакарнинг кунлик истеъмоли 50 граммдан 30 граммгача камайтирилди. Мактаб ошхоналарида чой ўрнига маҳаллий қуритилган мевалардан шакар қўшилмаган компот берилади.
Халқ депутати шакарни ортиқча истеъмол қилишни камайтириш мақсадида мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналарини тўғри овқатланишга ўргатувчи “Ёш боғбон” услубий қўлланма ишлаб чиқилганини қўшимча қилди.
Вазирлик мамлакат мактабларида бошланғич синф ўқувчилари учун “Соғлом турмуш тарзи асослари” дастури жорий этилганини хабар қилди. Унга кўра, таълим муассасалари учун ошпазлар тайёрлаш бўйича онлайн курс ҳам очилган.
Аввалроқ Достон Бекешев, айниқса, таълим муассасаларида шакарга қарши кенг кўламли кампания ўтказиш ташаббуси билан ҳукумат органларига мурожаат қилиш ниятида эканини маълум қилган эди.
Халқ вакилининг таъкидлашича, шакар истеъмолини камайтириш нафақат миллат саломатлиги, балки иқтисодиётга қўшилаётган ҳиссадир.
“Ҳозирда ортиқча ширинлик туфайли келиб чиққан касалликларни даволашга сарфланаётган маблағлар бошқа муҳим эҳтиёжлар учун ҳам ишлатилиши мумкин. Зеро, ҳар биримизнинг саломатлигимиз ҳам шахсий фаровонлигимиз, ҳам давлат барқарорлигининг гаровидир”, деган у.
У, шунингдек, шакар инсоният минглаб йиллар давомида усиз яшаб келинаётган маҳсулот эканини, ширинлик сифатида фақат мевалар билан қаноатланиш ҳам мумкинлигини таъкидлади.
LiveБарчаси
Самарқанд шаҳрида метро қурилади.
14 Январь