Ўзбекистонда ШҲТ форумини ўтказиш таклиф қилинди
Жамият
−
01 Сентябрь 2025 8414 3 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йилда Ўзбекистонда “ШҲТ Инвест” инвестиция форумини ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда у бугун, 1 сентябрь куни Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти плюс” форматидаги мажлисда сўз очди.
Президент Мирзиёев мавжуд тўсиқларни олиб ташлаш ва стандартларни яқинлаштириш, электрон савдо майдончаларини ривожлантириш, саноат кооперацияси ва инновацияларни рағбатлантириш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳим эканини қайд этди.
“Бизнес соҳасидаги мулоқотлар учун самарали майдонни ишга тушириш мақсадида, барча манфаатдор шерикларимизни жалб этган ҳолда, ҳар йили “ШҲТ Инвест” инвестиция форумини ўтказишни таклиф этаман. Биринчи форумни келгуси йили Ўзбекистонда ўтказишга тайёрмиз”, деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, у минтақани глобал йўлаклар билан ишончли боғлашни таъминлайдиган самарали транспорт йўналишларини яратиш ҳаётий муҳим масала эканини таъкидлади. Мирзиёевга кўра, шу борада амалга оширилаётган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳаси алоҳида аҳамиятга эга.
“Келгусида ушбу йўналишнинг Трансафғон йўлаги билан боғланиши ШҲТ маконида ягона транспорт тармоғини шакллантириш имконини беради”, деди Президент.
Шу билан бирга, ШҲТ мамлакатлари сунъий интеллект, катта маълумотлар базалари, робототехника, биомуҳандислик, муқобил энергетика каби илғор йўналишларда катта сакрашни таъминлашга қодир бўлган улкан илмий-техник салоҳиятга эга экани таъкидланди. Мирзиёев янги ғояларни генерация қилиш, илғор ташаббусларни ишлаб чиқиш ва технологиялар трансфери учун ШҲТ инновацион-технологик хаблар тармоғини яратишни амалий қадам сифатида таклиф қилди.
Бундан ташқари, маданий-гуманитар соҳада ҳамкорликни кенгайтириш умумий манфаатларга жавоб бериши ва дўст халқларни яқинлаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.
“ШҲТ оиласи” маданий ранг-баранглиги ва бой қадриятларини илгари суришга кўмаклашиш билан шуғулланадиган Буюк ипак йўли маданий мулоқотини таъсис этишни таклиф қиламан”, деди Ўзбекистон етакчиси.
Президент Мирзиёев жорий йилнинг кузида UNESCO Бош конференциясининг Самарқандда ўтадиган асосий тадбирлари мамлакатларнинг ноёб тарихий меросини намойиш этиш учун муҳим майдон бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, барча шерикларни ушбу муҳим маданий воқеаларда фаол иштирок этишга таклиф қилди.
Маълумот учун, ШҲТ саммити 31 августдан 1 сентябргача Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Унда 20 дан ортиқ давлат раҳбарлари ва 10 та халқаро ташкилот вакиллари иштирок этмоқда. Саммит якунида ҳамкорлик бўйича 15 та янги ҳужжат имзоланди. ШҲТ 2001 йил 15 июнда Шанхайда ташкил топган. Дастлаб у олтита давлат – Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Тожикистон ва Ўзбекистонни ўз ичига олган бўлса, 2017 йилда Ҳиндистон ва Покистон, 2023 йилда Эрон, 2024 йилда Беларусь ташкилотга аъзо бўлди.
Live
Барчаси