Ўзбекистонда саратонни 99 фоиз даволовчи дори яратилди

Саломатлик

image

Ўзбек олимлари томонидан онкологик касалликларни 99 фоизгача даволаш имконини берувчи янги препарат ишлаб чиқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ўзбекистон фанлар академияси Ядро физика институти директори, техника фанлари доктори, профессор Илҳом Содиқовнинг маълум қилишича, 2022 йилнинг июнь ойида рўйхатдан ўтказилиб, ишлаб чиқаришга татбиқ этилган янги радиофармацевтик векторли терапия воситаси саратон касаллигини даволашда ниҳоятда самарадор бўлган янги дори воситаси ҳисобланади.  

“Бу дори воситасининг битта дозаси ҳозирги кунда АҚШда 70 минг доллар, Европа мамлакатларида 25 минг доллар атрофида сотиляпти. Бизнинг институтимиз ушбу дорини республикамиздаги 3 та онкологик клиникаларга 1,5 АҚШ доллари нарх билан етказиб беришни йўлга қўйди”, дейди профессор.

Қайд этилишича, ушбу препарат 2018 йилдан бошлаб бир нечта чет давлатларда, ҳар бири ўзлари яратган технология бўйича ишлаб чиқарилиб, тиббиётда қўлланилиб келинмоқда. Ўзбекистонда яратилган янги технология бўйича мазкур дорини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

“Ҳозирги кунда ишлаб чиқарилаётган “Лютеций-177” номли изотоп дунёдаги бошқа ишлаб чиқарувчилар маҳсулотидан 10 баробар тоза ҳамда юқори сифатли радиоизотоп ҳисобланади.    

Оддий қилиб айтганда, дунёда бор дори воситасини такомиллаштириб, ўзимиз яратган технология бўйича унга нисбатан сифатли ва арзон маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик”, дейди Илҳом Содиқов.

Унинг қайд этишича, дори таркиби “Лютеций-177” радиоизотопи ва унга бириктирилган простата специфик мембранали “антиген-617” деган оқсил моддасидан иборат. Ушбу оқсил моддаси “Лютеций-177” радиоизотопини организмнинг  саратон метастазалари бўлган жойларига етказиб берувчи восита вазифасини бажаради. “Лютеций-177” радиоактив изотопи саратон ўсмалари ичига кириб, ўзининг радиоактив нурлари билан уларни куйдиради. Бу нурларнинг ўтиш масофаси 1-2 миллиметрни ташкил қилгани сабабли улар ўсмани ичидан емириб, атрофидаги соғлом тўқималарга зарарли таъсир кўрсатмайди. Бу билан ўсмаларни операциясиз даволаш имкони пайдо бўлади.  

Шунингдек, профессор янги препаратдан фойдаланилгандан сўнг натижалар 99 фоизгача қайд этилаётганини айтиб ўтган.

“Ҳозирги кунда бу дори 4-босқичдаги саратон касаллигининг 97-99 фоизгача тузалишини таъминлаяпти. Жаҳондаги тиббиётчилар революцион дорилар қаторига кирувчи бу препаратга “фантастик натижа”, деб баҳо беришяпти.  

Бу дори воситаси институтнинг шўъба корхонаси бўлган “Радиопрепарат” давлат корхонаси ва Радиокимё илмий лабораторияси олимлари томонидан олиб борилган тадқиқотлар маҳсули ҳисобланади”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, Германиянинг Констанц университети тадқиқотчилари саратон ҳужайралари тарқалишига самарали қаршилик кўрсатадиган моддани топишга муваффақ бўлган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

саратон дори Лютеций-177

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг