Ўзбекистонда салкам 765 минг янги иш ўрни ҳисоботларга қўшиб ёзилгани маълум бўлди
3-саҳифа
−
11 Сентябрь
3127Ўзбекистонда аҳоли бандлигига қаратилган дастурлар ижроси юзасидан ўтказилган ўрганишларда 764 минг 723 та янги иш ўринлари ҳисоботларга қўшиб ёзилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов бугун, 11 сентябрь куни АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.
Шамсуддинов Бош прокурорнинг Ўзбекистон аҳолисига йўллаган мурожаатида қайд этилган масалалар ижроси юзасидан маълумот берар экан, прокурорлар секторларидаги “Темир дафтар”га киритилган 5 мингдан зиёд оилаларга кўмак берган. Хусусан, 181 нафарининг уй-жойи таъмирланиб, 57 нафарига янги уй-жойлар қуриб берилиши таъминланди. “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 246 минг 673 нафар хотин-қизлар ва 36 минг 687 нафар ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ташаббусларини кўллаб-қувватлашга доир ишлар давом эттирилмоқда.
“Ўтган даврда 3 минг 158 нафар ёшларнинг иш билан таъминланишида, 6 минг 277 нафарига ижарага ер ажратилишида, 1 минг 526 нафарининг тадбиркорликка жалб этилишида, 5 минг 36 нафарига ўзини ўзи банд қилишида, 4 минг 62 нафарининг касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиш курсларида ўқитилишида, 9 минг 988 нафарига контракт пули тўлаб берилишида кўмаклашилди”, дейилган ахборотда.
Қайд этилишича, аҳоли бандлигига қаратилган дастурлар юзасидан ўтказилган ўрганишларда 764 минг 723 та янги иш ўринлари ҳисоботларга қўшиб ёзилганлиги аниқланиб, айбдорлар тегишли жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, 327 нафар ишчи-хизматчиларнинг кечиктирилган 2,3 миллиард сўм иш ҳақлари ундириб берилган. Иш ҳақи ва нафақа пулларининг 4,2 миллиард сўми талон-торож қилингани аниқланиб, 52 та жиноят иши қўзғатилди. Тадбиркорлар ва хорижий инвесторларнинг 15 минг 650 нафарига “Тез ёрдам” тамойили асосида амалий ёрдамлар кўрсатилган: ер майдони, лицензия ва бошқа муаммоларига ечим берилган. Натижада, фаолият кўрсатмаётган 5 минг 755 та тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қайта тикланиши ҳисобига 7 мингдан ортиқ иш ўринлари йўқотилишининг олди олинган.
“Назорат тадбирларида қонунни бузган 347 нафар шахс интизомий, 1 минг 520 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди. 1 минг 909 нафар мансабдор шахслар расман огоҳлантирилди, 196 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланган. Шунингдек, қўпол қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 215 та жиноят ишлари қўзғатилиб, давлатга етказилган 35 миллиард сўм ундирилди”, дейилади Бош прокуратура ахборотида.