Ўзбекистонда режалаштирилган бир нечта ихчам ГЭСлар қурилмайди
Жамият
−
19 Август 2019
5758“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Жиззах вилоятидаги Зомин сув омборидан чиқадиган каналда қуввати 200 кВт. бўлган микроГЭС қурилиши бўйича пилот лойиҳасини амалга оширди.
Ушбу лойиҳа натижаларини ҳисобга олган ҳолда, компания ва “Гидролойиҳа” АЖ лойиҳа институти мутахассислари Андижон, Жиззах, Наманган, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларига чиқиб, микроГЭС қуриш учун энг истиқболли участкаларни қўшимча равишда ўрганди.
Олдинроқ режалаштирилган Жиззах, Наманган, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидаги 32 та микроГЭС қурилиши мақсадга мувофиқ бўлмайди, деган хулосага келинди. Бунга сув оқими етарлича давомли эмаслиги, сув босими (1 – 4,5 метр) ва канал бўйича сув сарфи (0,25 – 4 куб м/сек) пастлиги сабаб қилиб келтирилди.
Андижон (6), Қашқадарё (2), Самарқанд (5) ва Фарғона (1) вилоятларида янги микроГЭСларни қуриш учун сув оқимларининг 14 та истиқболли участкаси аниқланди. Бу ерда сув босими (6 – 90 метр), сув сарфи (1 – 8 куб м/сек) ҳамда бир йил мобайнида сув оқими режимларининг давомийлиги анча юқори.
Шу тариқа, ҳаммаси бўлиб 19 та микроГЭС қурилади, уларнинг жами ҳисоб-китоб қуввати 10 055 кВт.ни ташкил этади. Қурилиш харажатлари 12 млн. АҚШ долларидан ортиқни ташкил этади. 2019 йилнинг IV чораги ва 2020 йилнинг III-IV чоракларида ишга тушириш мўлжалланган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 13.08.2019 йилдан кучга кирди”.
LiveБарчаси