Ўзбекистонда пул йиғишда аёллар етакчилик қиляпти – МБ
Жамият
−
20 август 773 2 дақиқа
Ўзбекистонда аёлларнинг банк хизматларидан фойдаланиш даражаси мамлакатдаги умумий кўрсаткичга деярли тенг. Бу ҳақда Марказий банкнинг 2025 йил учун молиявий оммабоплик бўйича илк ҳисоботида сўз боради.
Маълумотларга кўра, вояга етган аёлларнинг 86 фоизи банк ҳисобварағига эга. Катта ёшли аҳоли бўйича ҳам бу кўрсаткич 86 фоизни ташкил этади. Бу аёлларнинг банк тизимига базавий киришида жиддий фарқ қолмаганини кўрсатади.
Жамғарма масаласида эса аёллар ҳатто умумий кўрсаткичдан юқори натижа қайд этган. Аёлларнинг 6 фоизида жамғарма ёки муддатли ҳисобварақ мавжуд. Мамлакат бўйича умумий кўрсаткич эса 4 фоизни ташкил этади.
Бу рақамлар оддий қилиб айтганда, банкда ҳисобварақ очиш ва пул жамғариш имкониятидан фойдаланишда аёллар мамлакатдаги ўртача даражадан ортда қолаётганини кўрсатмайди. Аксинча, жамғарма маҳсулотларида уларнинг кўрсаткичи бироз юқори.
Бироқ вазият кредит масаласига келганда ўзгаради. Аёлларнинг 19 фоизи банкларда амалдаги кредит ҳисобварағига эга. Катта ёшли аҳоли бўйича бу кўрсаткич 20 фоиз. Яъни фарқ катта эмас, атиги 1 фоиз банд. Шу билан бирга, 2025 йилда ажратилган янги чакана кредитларнинг 35 фоизи аёллар ҳиссасига тўғри келган. Чакана кредит портфели қолдиғида эса аёлларнинг улуши 38 фоизни ташкил этган.
Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, аёллар банк тизимига кириш ва базавий хизматлардан фойдаланишда умумий аҳолига яқин бўлса-да, кредит ресурсларидан фойдаланишда уларнинг улуши ҳали паритет даражасига етмаган. Айниқса, аёлларга тегишли кичик ва ўрта бизнес субъектларининг кредит портфелидаги улуши ҳам паритет даражасидан пастлигича қолмоқда.
Шундай қилиб, аёлларнинг молиявий оммабоплигидаги асосий масала банк ҳисобварағи очиш имкониятида эмас. Бу босқичдаги тафовутлар анча қисқарган. Асосий фарқ кредит маҳсулотларидан фойдаланишда намоён бўлмоқда.
Бу эса келгуси чора-тадбирларда эътиборни фақат аёлларни банк тизимига жалб қилишга эмас, балки уларнинг кредит ресурсларидан, хусусан, тадбиркорлик учун молиялаштириш имкониятларидан фойдаланишини кенгайтиришга қаратиш зарурлигини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда аҳолининг банклар олдидаги қарздорлиги сўнгги йилларда сезиларли даражада ошгани ва Марказий банк бу ҳолатни хавотирли деб баҳолаётгани ҳақида хабар берилган эди.