Ўзбекистонда Президент Администрациясининг ҳуқуқий мақоми белгиланмоқда

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, фаолиятини ташкил этиш тартиби ҳамда ваколатларини белгилаб берувчи “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида”ги Конституциявий қонуни лойиҳаси бугун, 4 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди ва қабул қилинди. 

Қайд этилишича, Конституциянинг XIX боби Ўзбекистон Республикасининг Президентига бағишланган бўлиб,  унда Президент давлат бошлиғи мақомида давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлаши, шунингдек унинг мамлакат бошқаруви ва тараққиётини таъминлашдаги ўта муҳим ваколатлари мустаҳкамланган. Конституцияда белгиланган Президент ваколатлари ниҳоятда кенг қамровли бўлиб, уларнинг самарали амалга оширилишини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий таъминлаш Президент Администрацияси зиммасига юклатилган.  

Хусусан, Конституциянинг 109-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз ваколатларини амалга оширишни ташкилий, ҳуқуқий, таҳлилий жиҳатдан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини шакллантиради ҳамда унинг Раҳбарини тайинлайди. Президент Администрациясининг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, фаолиятини ташкил этиш тартиби ва ваколатлари қонун билан белгиланиши назарда тутилган. 

Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, Президент Администрациясининг давлат бошқаруви тизимидаги ўрни, ҳуқуқий мақоми ва фаолиятининг асосий йўналишларини конституциявий қонун даражасида белгилашга қаратилган. 

Лойиҳада Администрация Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан шакллантирилиши, шунингдек Администрацияга Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Администрация раҳбари бошчилик қилиши белгиланмоқда. 

Администрациянинг мақоми, фаолиятининг асосий принциплари, таркибий тузилиши ва фаолиятини ташкил этиш тартиби, унинг давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлари билан ўзаро алоқалари, Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари фаолиятининг кафолатлари аниқ белгилаб берилмоқда.  

Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан Администрациянинг давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари билан алоқалари очиб берилган.  

“Мазкур конституциявий қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Президент фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда бошқарув жараёнларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади”, дейилади Олий Мажлис қуйи палатаси ахборотида. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг