Ўзбекистонда олтин ёмбилар эркин сотувга чиқарилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўлчовли олтин қуймаларни тижорат банклари орқали сотувга чиқармоқда. Бу ҳақда МБ Марказий банки Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълумотга кўра, бу аҳолининг инвестиция ва жамғариш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, қимматбаҳо металлар муомаласини ривожлантириш мақсадида амалга оширилган.

Оғирлиги 5, 10, 20 ва 50 грамм бўлган, 999,9 софликдаги олтиндан тайёрланган қуймалар махсус ҳимоя қадоқларида сотув учун тақдим этилади. Олтин қуймаларнинг қадоғи сертификат вазифасини бажаради ва ўз серия рақамига эга бўлади.

“Олтин қуймаларнинг сотиш ва қайтариб сотиб олиш нархлари олтиннинг жаҳон бозоридаги нархи ва Марказий банк томонидан белгиланган маржа ёки чегирма асосида шаклланади ва ҳар куни Марказий банкнинг веб-сайтида миллий валютада эълон қилиб борилади”, дейилади хабарда.

Маълумот учун таъкидлаш керакки, маржа ва чегирма миқдорлари ўлчовли қуймаларнинг муомалага чиқарилиши ва муомалада бўлиши билан боғлиқ операцион харажатларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Таъкидланишича, қадоқлари бут олтин қуймалар сотув шахобчаларида тижорат банки томонидан ёмби эгасига тўловни дарҳол амалга ошириш орқали қайтариб сотиб олинади.

“Қадоғи бузилган ёки техник талабларга мос келмайдиган олтин қуймаларни қайтариб сотиб олиш уларни техник экпертизадан ўтказиш орқали амалга оширилади ва экспертиза ўтказилгандан сўнг тўлов тўлаб берилади”, дейилади хабарда. 

Бундан ташқари, қадоғи бут ҳолатдаги олтин қуймаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий банк олтин ёмби

Баҳолаганлар

415

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг