Ўзбекистонда носвой савдосини тақиқлаш таклиф қилиняпти
Жамият
−
03 Январь 2021
25806Ўзбекистонда носвой, тамакили ва никотинли снюслар савдосини тақиқлаш таклиф қилиняпти. Бу ҳақда Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш ва виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари айланмасини тартибга солиш ҳамда истеъмолини чеклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида белгиланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тамакига қарши курашиш бўйича мутахассисининг маълум қилишича, лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритилган.
Қонун лойиҳасида мамлакатда тамаки маҳсулотини сотиш, реклама қилиш, сотувини рағбатлантириш, ҳомийлик қилиш борасидаги чеклов чораларини кучайтириш, жамоат жойларида тамакидан ҳоли муҳитни яратиш ҳамда чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари (шу жумладан носвой, тамакили ва никотинли снюслар) айланмасини тақиқлаш кўзда тутилган.
Қайд этилишича, аҳоли ўртасида қўлбола усулда тайёрланадиган новсойнинг кенг истеъмол қилиниши мамлакатда долзарб муаммолигича қолмоқда. Болалар ва ўқувчилар, ўсмирлар ўртасида тамакили ва никотинли снюсларнинг тез суръатлар билан оммалашиб бораётгани эса вазиятни янада мураккаблаштирмоқда ҳамда аҳоли саломатлигига, мамлакат иқтисодиётига жиддий зарар етказмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2014 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биргаликда юқумли бўлмаган касалликларнинг хавф омилларини ўрганиш бўйича текширув ўтказган. Аниқланишича, Ўзбекистонда эркаклар аёлларга нисбатан 30 баравар кўп тамаки истеъмол қиладилар, эркакларнинг 42 фоизи ва аёлларнинг 1,5 фоизи чекувчилардир (тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишларини аёллар доим ҳам тан олмайдилар). Тутунсиз тамакини 23,2 фоиз эркаклар ва 0,2 фоиз аёллар истеъмол қилади, унинг 90 фоизи носвойга тўғри келади.
Бу Марказий Осиё мамлакатлари аҳолиси ўртасида носвой истеъмол қилиш кўрсаткичининг энг юқорисидир: Қирғизистонда – 5,2 фоиз, Қозоғистонда – 1,3 фоиз, Туркманистонда – 1,4 фоиз.
Бундан ташқари, тутунсиз тамаки маҳсулотларининг 13-15 ёшдаги ўсмирлар орасида истеъмол қилинишининг даражаси ҳам Ўзбекистонда қўшни мамлакатларга қараганда энг юқори - 6 фоиз. Бу кўрсаткич: Қирғизистонда – 5,1 фоиз, Тожикистонда - 1,8 фоиз, Қозоғистонда – 0,6 фоиз, Туркманистонда – 0,2 фоиз.
Сўнгги йилларда электрон сигареталар, чилим, тамакили ва никотинли снюслар каби янги тамаки маҳсулотларининг айниқса ёшлар орасида оммалашиб бораётгани қайд этилмоқда.
Шу сабабдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари Ўзбекистонда носвойни ишлаб чиқариш ва сотишни қонун даражасида тақиқлашни тавсия қилмоқда. Ушбу вазифани ҳал этишга қўшни мамлакатлар (айниқса Қозоғистон, Туркманистон) носвойни сотишни тақиқлагани, охирги 5 йил ичида Ўзбекистоннинг 18-39 ёшдаги аҳолиси орасида носвой истеъмол қилиш икки баравар камайгани ҳам туртки бўлади, чунки носвой чекиш тамаки маҳсулотларининг бошқа турларига қараганда унчалик обрўли ёки русмга кирган эмас.
Носвой сотуви ва ишлаб чиқарилишини тартибга солиш жуда қийин, чунки у қўлбола усулда ёки уй шароитида, санитария нормаларига риоя қилмасдан тайёрланади, назорат идоралари носвойнинг хавфсизлиги ва сифатини назорат қилиш учун зарур ресурсларга (технологик, молиявий ва бошқа) эга эмас.
LiveБарчаси