Ўзбекистонда мобил алоқа операторлари устидан ўрганиш бошланди

Жамият

−

image

Айрим мобил алоқа операторлари тариф нархларини оширишни режалаштираётгани ортидан Рақобат қўмитаси ушбу қарорларнинг асослилигини ўрганишни бошлади. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, истеъмолчилар тарифларга киритилган интернет трафик ҳажми оширилганига қарамай, алоқа сифати етарли даражада таъминланмаётганидан норози. Шунингдек, фойдаланилмаган интернет трафикнинг кейинги ойга ўтмаслиги ва тариф нархларининг ошиши интернет ҳажмига мутаносиб эмаслиги ҳам эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Қўмитанинг маълум қилишича, ўрганиш давомида операторлар томонидан рақобат қоидаларига зид ёки истеъмолчилар ҳуқуқларини камситувчи ҳаракатлар аниқланса, белгиланган тартибда текширув ўтказилади. Қоидабузарликлар тасдиқланган тақдирда, амалдаги қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилади.

Шу билан бирга, қўмита 2025 йил ва жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида мобил алоқа операторлари фаолиятига оид бир қатор камчиликлар бартараф этилганини билдирди.

Жумладан, Beeline компаниясида ойлик абонент тўловини ечиш учун ҳисобда маблағ етарли бўлмаганда, абонентларни огоҳлантирмасдан автоматик равишда кунлик тарифга ўтказиш амалиёти бекор қилинган. Шунингдек, давлат органларининг 100 дан ортиқ қисқа рақамли ишонч телефонларига қўнғироқ қилиш бепул қилинган.

Mobiuz компаниясида айрим тариф режаларига ўтиш билан боғлиқ техник чекловлар бартараф этилган ва тариф шартлари ҳақида тўлиқ маълумот бериш таъминланган.

Ucell компаниясининг уяли алоқа хизматларини кўрсатиш бўйича оммавий офертаси ҳам қайта кўриб чиқилиб, унга моддий ва маънавий зарар учун жавобгарликни назарда тутувчи талаблар киритилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги айрим дорихоналарда дори воситалари белгиланган нархдан 6 баробаргача қиммат сотилгани аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг