Ўзбекистонда “криминоген барқарорлик индекси” жорий этилади

Жамият

−

image

Ўзбекистонда илк бор аҳолининг хавфсизлик ҳисси ва яширин жиноятчилик кўрсаткичларини ҳам инобатга оладиган “криминоген барқарорлик индекси”ни шакллантириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бугун, 4 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган ҳуқуқбузарликлар профилактикасини замон талаблари асосида такомиллаштириш юзасидан тақдимотда сўз боради.

Қайд этилишича, ҳудудларда хавфсизлик инфратузилмаси кенгайтирилиб, 263 мингта таниб олувчи камера, 70 мингта замонавий домофон ва 22 мингта ташвиш тугмаси ўрнатилди. Ижтимоий профилактика чоралари орқали 2,1 миллион нафар шахснинг муаммолари манзилли ҳал этилган. Натижада криминоген вазияти энг оғир бўлган 809 та маҳалланинг 701 таси ушбу тоифадан чиқарилган. Қарийб 4,4 мингта маҳалла “яшил” тоифада қолмоқда.

2014 йилда қабул қилинган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунга ўтган даврда 20 дан ортиқ ўзгартириш киритилган бўлса-да, унинг айрим нормалари бугунги талабларга жавоб бермай қолган. Шу муносабат билан тақдимотда мазкур қонунни янги таҳрирда қабул қилиш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар кўриб чиқилган.

Давлат раҳбари янги қонун ҳуқуқбузарлик содир этилгандан кейин чора кўришга асосланган ёндашувдан хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган проактив профилактика моделига ўтишни таъминлаши зарурлигини таъкидлаган.

Бугунги кунда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан 14 та давлат идораси шуғулланаётган бўлса-да, уларнинг вазифалари айрим ҳолларда такрорланмоқда, ваколатлари аниқ чегараланмаган. Тақдимотда профилактика субъектлари доирасини яна 7 тага кенгайтириш таклиф қилинган.

Президент бу таклифнинг мақсадга мувофиқлигини аниқ асослаш, энг аввало, ҳар бир идоранинг вазифаси, ваколати ва жавобгарлигини белгилаш, улар ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлаш муҳимлигини қайд этган.

Шунингдек, янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси комиссиясининг ваколатларини қонун даражасида белгилаш назарда тутилмоқда. Бунда давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, профилактика чораларининг самарадорлигини баҳолаш ва мониторинг қилиш механизмларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Қонун лойиҳасида илк бор профилактиканинг янги йўналишларини белгилаш, хусусан, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар, кибержиноятчилик, уюшган жиноятчилик, яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашишда превентив чораларни кучайтириш назарда тутилмоқда.

Қолаверса, ижтимоий ва виктимологик профилактика механизмларини такомиллаштириш, таълим муассасаларини профилактика тадбирлари билан кенг қамраб олиш, жиноятдан жабрланган фуқароларнинг хавфсизлиги ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бўйича янги нормалар илгари сурилган.

Бунда жиноятдан жабрланганлар ва гувоҳларнинг ҳаёти, соғлиғи ҳамда мол-мулкига таҳдид юзага келганда уларнинг хавфсизлиги ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашишда кўмаклашган фуқароларни рағбатлантириш кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш юзасидан мажбурий профилактик кўрсатма беришнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш таклиф қилинмоқда.

Тақдимотда криминоген вазиятни баҳолаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чоралари самарадорлигини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Қайд этилишича, ҳозирги баҳолаш усуллари асосан статистик маълумотларга таянади. Жиноятчиликка таъсир қилувчи ижтимоий-иқтисодий омиллар етарлича таҳлил қилинмайди, мавжуд ахборот тизимлари ўзаро тўлиқ интеграциялашмаган.

Шу боис, криминоген вазиятни баҳолашнинг янги моделини жорий этиш таклиф қилинган. Унга кўра, илк бор аҳолининг хавфсизлик ҳисси ва яширин жиноятчилик кўрсаткичларини ҳам инобатга оладиган “криминоген барқарорлик индекси”ни шакллантириш кўзда тутилмоқда.

Бунинг учун давлат идораларининг ахборот ресурсларини бирлаштирадиган ягона криминоген маълумотлар платформасини ишга тушириш, сунъий интеллект технологиялари ёрдамида жиноятчилик хавфларини таҳлил қилиш ва прогнозлаш, криминоген хариталарни шакллантириш режалаштирилмоқда.

Мазкур механизмлар орқали ҳудуд ва маҳаллалардаги криминоген вазият мунтазам баҳоланиб, хавф даражасига қараб манзилли профилактика чоралари белгиланади. Масъул идоралар фаолияти натижадорлик кўрсаткичлари асосида баҳоланади, муаммоларни ҳал этиш юзасидан таъсирчан назорат ўрнатилади.

Давлат раҳбари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси бўлиб қолмасдан, барча масъул идоралар, маҳалла ва жамоатчиликнинг ҳамжиҳатликдаги фаолиятига асосланиши кераклигини таъкидлаган.

Ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳит яратиш, ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқараётган омилларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, фуқаролар осойишталигини ишончли таъминлаш устувор вазифа экани кўрсатиб ўтилган.

Тақдимот якунида мутасаддиларга қонун лойиҳасини билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида такомиллаштириш, профилактика субъектларининг вазифа ва ваколатларини аниқ белгилаш, рақамли таҳлил ва мониторинг механизмларини жорий этиш бўйича топшириқлар берилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг