Йўллардаги айрим ҳуқуқбузарликлар учун биринчи мартада огоҳлантириш берилади
Жамият
−
05 Февраль 3787 2 дақиқа
Ўзбекистонда йўл ҳаракати билан боғлиқ айрим ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий огоҳлантириш қўлланади. Бу ҳақда кеча, 4 февраль куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг 1116-сонли қонуни билан қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда сўз боради.
Унга кўра, йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ кам аҳамиятли ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий огоҳлантириш жазоси қўлланилиши белгиланди.
Маъмурий огоҳлантириш ҳукуқбузарлик содир этган шахсни қонунга хилоф хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантирган ҳолда унга расмий танбеҳ беришдир.
Маъмурий огоҳлантириш ёзма (электрон) равишда қўлланади.
Маъмурий огоҳлантириш кодекс 125-моддасининг (транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) 1- ва 2- қисмларида, 128-1-(транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларнинг телефондан фойдаланиши), 128-2-(транспорт воситасини бошқариш вақтида теле-, видеодастурларни томоша қилиш мақсадида монитордан (дисплейдан) фойдаланиш), 128-6-(транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши), 135-1-моддалари (транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонунчиликнинг талабларини бузиш) ҳамда 138-моддаси (пиёдалар ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши) 1- ва 2-қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган шахсларга нисбатан қўлланади.
Бунда шахс ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлганда, шунингдек, кодексда назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар аломатлари бўлмаганда, маъмурий жазо чорасини қўллашга ваколатли орган томонидан қўлланилади.
Маъмурий огоҳлантириш айни бир шахсга нисбатан 1 йил давомида 1 мартадан ортиқ қўлланилиши мумкин эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланадиган маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг қатъий рўйхати белгилангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси