Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганлар қарийб 1100 нафарга етди

Жамият

image

Сирдарё ва Тошкент вилоятида жами 41 нафар бемор коронавирусдан буткул соғайди. Бу ҳақда бугун, 29 апрель куни Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

“Коронавирус инфекциясига чалинган беморлар тузалиб чиқаётган ҳудудлар сафига Сирдарё вилояти ҳам қўшилди. Ушбу вилоятдан 4 нафар, Тошкент тиббиёт академиясида 16 нафар, Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 17 ва Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институтида 4 нафар бемор буткул соғайди. Улар соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди“, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Сирдарёдан соғайганларнинг барчаси эркак бўлиб, Фарғона, Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларидан 1 нафардан. Уларнинг 3 нафари Қозоғистон Республикасидан келган ва карантинга олинган, касаллик аниқлангач, шифохонага ётқизилган. Қолган 1 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган. Энг ёши каттаси 48 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 33 ёшда.

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида соғайганларнинг 2 нафари Тошкент шаҳридан, Бухоро ва Тошкент вилоятларидан 1 нафардан. Уларнинг 3 нафари Россиядан келган ва карантинга олинган, касаллик аниқлангач, мазкур клиникага ётқизилган. 1 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган. Уларнинг 2 нафари эркак, 2 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 76 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 38 ёшда.

Шунингдек, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан тузалганларнинг барчаси Тошкент шаҳридан. Жумладан, 11 ёшли ва 2 ёшли қизалоқлар ҳамда 32 ёшли эркак коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган.

Тошкент шаҳрида шу пайтга қадар 320 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 350 нафарга етиб, беморларнинг соғайиб чиқиши бўйича энг юқори кўрсаткичга эга ҳудуд бўлиб турибди.

Шундай қилиб, бугуннинг ўзида 104 нафар бемор тузалиб, мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 1096 нафарга етди ва даволанаётганларга нисбатан сезиларли даражада ошиб кетди.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

227

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг