Бўлажак олимларнинг 44,5 фоизи доктарантурани ҳимоясиз битирган
Жамият
−
28 Сентябрь 2019
3555Ўзбекистонда моддий-техник, илмий-интеллектуал ресурсларни тўлиқ сафарбар этган ҳолда мавжуд илмий-техник салоҳиятдан етарли даражада фойдаланилмаяпти.
Хусусан, сўнгги уч йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфидаги олий таълим муассасаларида 608 нафар изланувчи таянч докторантура ва докторантурада таҳсил олганига қарамай, уларнинг 44,5 фоизи докторантурани ҳимоясиз якунлаган.
Бу ҳақда кеча, 27 сентябрь куни Тошкент давлат шарқшунослик институтида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган “Олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш: миллий амалиёт ва хорижий тажриба” мавзуидаги конференцияда сўз борди.
Таъкидланганидек, 2007-2016 йилларда бажарилган 841 та фундаментал тадқиқотларнинг 35 таси ёки 4,2 фоизи идоралараро тадқиқотлар бўлиб, бу илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасаларининг лойиҳаларда фақат ўзлари иштирок этишга ҳаракат қилганини англатади. Ушбу ҳолат олий таълим ва академик илм-фаннинг интеграциясига жиддий тўсқинлик қилиб, натижада бу аҳамияти паст илмий лойиҳаларнинг кўпайишига олиб келган.
Шунингдек, тадқиқотчиларда инновацион ва стартап лойиҳаларни тайёрлаш тажрибасининг етишмаслиги оқибатида инновацион ишланмалар ва технологияларни иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва соҳаларига жорий қилиш даражаси пастлигича қолмоқда.
Анжуманда қайд этилган шу ва бошқа камчиликларни бартараф этиш юзасидан бир қатор амалий тавсиялар билдирилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси томонидан тавсия этиладиган журналларнинг фаолиятини халқаро талабларга босқичма-босқич мослаштириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек диссертация ишларини расмийлаштириш, тарқатиш ва топшириш жараёнларини электрон ҳужжатлаштириш тизимига ўтказиш мақсадга мувофиқлиги билдирилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь