Ўзбекистонда исломий молия операциялари учун янги стандарт ишлаб чиқилди
Жамият
−
10:55 748 2 дақиқа
Ўзбекистон Марказий банки исломий банкларда “Муробаҳа” битимларини амалга ошириш тартибини белгиловчи илк молия стандартини тасдиқлашни таклиф қилди. Бу ҳақда жорий йилнинг 22 октябрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Исломий молия стандарти (1-сонли) “Муробаҳа”ни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор лойиҳасида келтирилган.
Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа исломий банкларда “Муробаҳа” операцияларини амалга ошириш тартибини белгилайди. Муробаҳа – банк товарнинг дастлабки нархи ва устамасини мижозга очиқ кўрсатган ҳолда, уни насияга сотиш орқали молиялаштириш усули.
Лойиҳага кўра, банк мижозга сотишдан олдин товарни ўз мулкига олиши шарт. Товарни сотиб олмасдан ва мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни олмасдан туриб, мижоз билан шартнома тузиш мумкин эмас.
Шартномада товарнинг дастлабки нархи ва банк устамаси алоҳида кўрсатилиши лозим. Устама қатъий сумма ёки аниқ фоизда белгиланади ва кейинчалик ўзгартирилмайди. Мижоз тўловни бўлиб-бўлиб амалга ошириши мумкин, бироқ тўлов муддати узайтирилгани ёки кечиктирилгани учун нархни ошириш тақиқланади.
Шунингдек, банк молиялаштириш мажбуриятини олгани ёки мижозни молиялаштиргани учун алоҳида комиссия ва бошқа тўловларни ундириши мумкин эмас.
Тўлов кечиктирилгани учун шартномада жарима белгиланиши мумкин. Бироқ бу маблағ банк даромадига айлантирилмайди, балки алоҳида ҳисобда сақланиб, мижоз номидан тўлиқ хайрия мақсадларига йўналтирилади.
Стандарт лойиҳасида олтин, кумуш ва валюталарни муробаҳа асосида насияга сотиш тақиқланиши ҳам белгиланган. Шунингдек, мижоз ёки унинг вакили аллақачон эгалик қилаётган товарни банк орқали унга қайта сотиш мумкин эмас.
Бундан ташқари, банк шартнома бўйича барча тўловлар амалга оширилгунига қадар товарга эгалик ҳуқуқини мижозга ўтказмасдан туриши мумкин эмас.
Ҳужжат лойиҳаси 1 ноябрга қадар жамоатчилик муҳокамасида бўлади. Қабул қилинган тақдирда, стандарт расмий эълон қилинган кундан кучга киради.
Live
Барчаси23 Октябрь