Ўзбекистонда болаларни Меҳрибонлик уйига топшириш хорижга қараганда икки баравар кўп – UNICEF
Жамият
−
06 Октябрь 2021
13843Болажон Ўзбекистонда норасидаларни болалар уйига ташлаб кетиш ҳолатлари бошқа мамлакатларга қараганда икки баравар кўп. Меҳрибонлик уйларидаги болаларнинг асосий қисмини икки ёшгача бўлган гўдаклар ташкил этмоқда. Бу ҳақда UNICEF'нинг ҳисоботида айтилган.
UNICEF тадқиқотига кўра, болалар асосан камбағаллик, оилавий муаммолар, миграция ва ажрим сабаб интернатларга жойлаштирилади.
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон интернатларида 2018 йилда жами 26 532 нафар бола тарбияланган ва уларнинг аксарияти ногиронлиги бор бўлган болалардир.
“Болада ногиронлик ёки оилада моддий муаммолар бўлса, ота-оналари уларни интернатларга топширишади. Бунда бола оила шароитида катта бўлиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Болани оиладан ажратгандан кўра, бундай оилаларга моддий ёрдам кўрсатган яхши”, дейди Ўзбекистон Болалар омбудсмани Алия Юнусова.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда ҳар 100 минг бола сонига интернатларда тарбияланаётган болалар сони 255 нафарни ташкил қилади. Бу дунёдаги ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўп. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг катта қисми 7-17 ёшларда. Аммо энг кўп ота-онасиз қолганлар 2 ёшгача бўлган гўдаклар.
“Болаларини интернатларга жойлаштираётган ота-оналар болам у ерда ҳамма нарса билан таъминланади, деб ишонади. Аслида бундай эмас. Интернатда бола жамиятдан ажралиб, руҳий ва маданий тарбиядан ортда қолиб катта бўлади”, дейди Ўзбекистон Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳаммедова.
UNICEF шу сабабдан Тошкент вилоятидаги болалар уйларида тарбияланувчилар ҳақида маълумот тўплаш ва саралаш устида тадқиқот бошлаган. Ушбу тадқиқот Ўзбекистондаги болалар тарбияси тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар беришга қаратилган.
Бундай ўзгаришлар қаторига, оилани сақлаб қолиш чоралари билан бир қаторда, болани уй шароитида тарбиялаш учун “қўшимча ёрдам дастурлари”, “ёрдам пакетлари” ҳам ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Мақсад – келажакда бундай интернатлар сонини камайтириш, ҳар бир бола учун индивидуал “ёрдам пакети” ишлаб чиқиш ва имкон қадар болани оила шароитида тарбиялашни сақлаб қолишдир.
"Бу борада UNICEF Ўзбекистон Президентнинг янги интернатлар яратишни тақиқлаш, бола тарбияси соҳасини ислоҳ қилиш, интернатлардаги болаларни босқичма-босқич оилаларга қайтариш сиёсатини қўллаб-қувватлайди", дейилади ташкилот хабарида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 август куни Ўзбекистон Президентининг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатлар билан Васийлик, ҳомийлик ва патронатга олинган болаларга 18 ёшгача пул тўланиши, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўқишни давлат ОТМларида давом эттирганда уларга Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендия тўловлари 50 фоизга оширилган ҳолда тўланиши ҳамда уларга уй берилиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, QALAMPIR.UZ ижодий жамоаси Тошкентдаги 21-сонли Меҳрибонлик уйида бўлиб, у ерда тарбияланаётган болалар билан суҳбатлашганди. Ушбу суҳбатни QALAMPIR.UZ'нинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси