Ўзаро оила қурган етим болаларга 2 хонали уй берилади
Жамият
−
10 Август 2021
6507Бугун, 10 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ушбу қарорга кўра, жорий йил 15 августдан бошлаб етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлашнинг қуйидаги тартиби ўрнатилади:
- етим болалар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади. Бунда, мазкур тоифага кирувчи ногиронлиги бўлган болаларга квартиралар кўп қаватли уйларнинг учинчи қаватигача ажратилади;
- етим болалар учун квартиралар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан кўчмас мулкнинг бирламчи бозоридаги шаҳар ва туманларда қурилган кўп квартирали уй-жойлардан харид қилинади;
- тегишли туман (шаҳар)да кўчмас мулк бирламчи бозорида мазкур бандда назарда тутилган мезонларга мос келадиган квартиралар мавжуд бўлмаганда, ҳудудий “Халқпарвар” комиссиялари хулосасига асосан квартиралар кўчмас мулкнинг иккиламчи бозоридан тегишли мезонларга мувофиқ ҳолда харид қилинади;
- етим болаларни уй-жойлар билан таъминлаш “онлайн-навбат” тизими асосида амалга оширилади ҳамда мазкур навбатга ўзгартириш киритилишига ҳамда навбатидан олдин кейинги навбатдаги болаларга уй-жой ажратилишига йўл қўйилмайди;
- Халқ таълими вазирлиги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг уй-жой билан таъминланиши ҳолати ҳақидаги ҳар ойда янгиланадиган маълумотларни ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштириб боради.
Белгилаб қўйилсинки:
а) етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жойлар мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи асосида, бироқ улар 30 ёшга тўлгунга қадар уй-жойни сотиш, ҳадя қилиш ёки гаровга қўйиш ёхуд ижарага бериш ҳамда уй-жойда ўзи ва оила аъзолари (эри ёки хотини, фарзандлари) дан ташқари бошқа фуқароларни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш ҳуқуқисиз ажратилади.
Бунда, етим бола ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган боланинг асослантирилган мурожаати асосида маҳаллий ҳокимликлар томонидан уй-жойнинг умумий майдонини кенгайтириш ва мазкур бандда назарда тутилган талабларни сақлаб қолиш шарти билан сотишга рухсат берилади;
б) етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш жараёнида қуйидагилар тақиқланади:
- битта кўп квартирали уй-жойнинг ҳар бир кириш йўлагидаги квартираларда бир нафардан ортиқ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштириш;
- икки ва ундан ортиқ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун кўп квартирали уй-жойдан битта квартира ажратиш (улар ўртасида никоҳ тузилган ҳоллар мустасно);
- етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун алоҳида кўп қаватли уй-жойлар қуриш ва бу ерда уларнинг барчасини жойлаштириш;
- етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун ётоқхоналардан уй-жойлар ажратиш (харид қилиш);
в) етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар коллеж, академик лицей, техникум ва олий таълим муассасаларида ўқиётган даврида маҳаллий ҳокимликлар томонидан ажратилган уй-жойларда коммунал хизматларнинг меъёрий кўрсаткичлари бўйича фойдаланилган коммунал хизматлар учун тўловларнинг эллик фоизи тегишли туман ва шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан компенсация қилинади.
Бунда, маҳаллий ҳокимликлар томонидан ажратилган уй-жойларда фойдаланиладиган коммунал хизматларнинг меъёрий кўрсаткичлари тегишли туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади.
LiveБарчаси