Дунёда кам вазнли болалардан кўра, ортиқча вазнлилар кўпроқ – UNICEF
Олам
−
11 Сентябрь 2025 1977 2 дақиқа
Дунёда семириб кетган болалар ва ўсмирлар сони биринчи марта кам вазндан азият чекаётганлар сонидан ошиб кетди. Бу ҳақда UNICEF (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси) ҳисоботида эълон қилинди.
Ҳисоботда айтилишича, ҳозирда 5 ёшдан 19 ёшгача бўлган ҳар ўнинчи бола ва ўсмир семизлик билан азият чекмоқда, ҳар бешинчи киши ортиқча вазнга эга. 2000 йилдан бери болалар ўртасида кам вазн улуши 13 фоиздан 9,2 фоизгача камайди, семизлик даражаси эса 3 фоиздан 9,4 фоизгача кўтарилган.
Семириб кетишнинг энг юқори тарқалиши Тинч океани минтақасида қайд этилган: Ниуэда – болалар ва ўсмирларнинг 38 фоизи, Кук оролларида - 37 фоизи, Науруда – 33фоизи. Ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич ҳам юқорилигича қолмоқда – Чилида 27 фоиз, АҚШ ва БААда 21 фоиз. UNICEF’нинг таъкидлашича, бунга анъанавий озиқланишни эмулсификаторлар, қуюқлаштирувчи моддалар ва сунъий лаззатлар қўшилган ва максимал даражада тозаланган ингредиентлардан саноат шароитида ишлаб чиқариладиган арзон юқори калорияли маҳсулотлар билан алмаштириш сабаб бўлган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, семириб кетиш 2-тоифа диабет, юрак-қон томир касалликлари ва саратоннинг айрим турларини ривожланишига олиб келади. Шу билан бирга, ўта қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларининг агрессив маркетинги муаммони янада кучайтиради: 170 та давлатда сўровда қатнашган ёшларнинг 75 фоизи ҳафта давомида шакарли ичимликлар, газак ёки фастфуд рекламаларини кўрганини, 60 фоизи эса реклама уларнинг бундай маҳсулотларни сотиб олиш истагини оширишини тан олган.
UNICEF ҳукуматларни болаларни носоғлом озиқ-овқат таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича қатъий чоралар, жумладан, мактабларда тез тайёрланадиган таомларни сотиш ва реклама қилишни тақиқлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини мажбурий маркалаш, солиқ механизмлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга чақирмоқда.
“Акс ҳолда, 2035 йилга бориб, семизликдан дунёда жами иқтисодий зарар йилига 4 триллион доллардан ошиши мумкин”, дея огоҳлантирмоқда экспертлар.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия ортиқча вазнли беморларнинг иш жойига қайтишига ёрдам берадиган вазн йўқотувчи дорини синовдан ўтказишга тайёрланётгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси