Ўзбекистонда инфляция даражаси йиллик ҳисобда 13,6 фоизни ташкил этди
Жамият
−
21 Май 2019
30132019 йилнинг I чорагида макроиқтисодий ҳолат Марказий банкнинг асосий прогнозларига мос равишда шаклланди. Ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (5,1 фоиз) жадаллашиб, 5,3 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк ҳисоботида маълум қилинди.
Мазкур даврда иқтисодий ўсишнинг асосий “драйверлари” ўтган йилларда бўлгани каби банклар томонидан кредитлаш фаоллигининг ошиши ҳамда ўрта даражадаги юмшоқ солиқ-бюджет сиёсатининг юритилиши ҳисобига асосий капиталга йўналтирилган инвестицияларнинг юқори даражада ўсганлиги (2018 йилнинг шу даврига нисбатан 29,3 фоизга кўп), шунингдек, аҳоли даромадлари ўсишининг давом этиши каби омиллар бўлди.
Таклиф омиллари томондан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларининг 6,8 фоизга ошиши, шу жумладан, истеъмол товарлари ишлаб чиқаришнинг – 18,3 фоизга, қурилиш ишларининг – 5,9 фоизга ва хизматлар кўрсатишнинг – 11,1 фоизга ошиши ялпи ички маҳсулот ўсишига асосий ҳисса қўшди.
Кредитлаш ҳажмларининг ўсиш суръати деярли ўзгармади ва ўтган йилнинг мос даври даражасида бўлди. Бироқ, кредит портфели таркибида сезиларли ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, миллий валютадаги кредитларнинг ўсиш суръати деярли 2 баробар пасайган бўлса, хорижий валютадаги кредит қўйилмалари ўсишининг тезлашиши кузатилди.
Кредит портфели таркибидаги ушбу тенденциялар инфляция даражаси ва валюта бозоридаги ҳолатга жорий босимнинг олдини олиши имконини берса, айни пайтда, ушбу хатарларни кейинги даврларда (ўрта ва узоқ муддатли истиқболда) рўй бериш эҳтимолини оширади.
Бундай шароитда таркибий ислоҳотларни амалга оширишда иқтисодиётга қарз мажбуриятларини юқори суръатларда жалб қилинишининг вужудга келиши мумкин бўлган салбий оқибатларининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш зарурияти ортиб бормоқда.
Умуман олганда, хорижий валютада кредитлаш ҳажмларининг юқори суръатларда сақланиб қолиши, бир томондан, иқтисодиётда инвестицион талабнинг юқорилигини акс эттирса, бошқа томондан, инвестицион ресурсларни жалб қилишга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар канали ва капитал бозорининг тўлиқ сафарбар этилмаганлигини натижасида лойиҳаларни молиялаштириш бўйича асосий юкнинг банк тизими зиммасига тўғри келаётганлигини кўрсатмоқда.
Жорий йилнинг биринчи чорагида ўрта даражадаги юмшоқ солиқ-бюджет сиёсати юритилди ва давлат бюджети ижроси 1,1 трлн. сўмлик дефицит билан бажарилди. Мазкур дефицитнинг давлат қимматли қоғозларини муомалага чиқариш ва ташқи қарзни жалб қилиш орқали қопланиши унинг инфляцион босимини юмшатишга хизмат қилди.
Инфляция даражаси Марказий банкнинг асосий прогнозларида назарда тутилган хатарларнинг қисман амалга ошиши ва нархларга мавсумий омиллар таъсири натижасида шаклланиб, чорак якунлари бўйича йиллик ҳисобда 13,6 фоизни ташкил этди ва 13,5-15,5 фоизлик прогноз коридорининг қуйи чегарасида бўлди.
Инфляция даражасининг прогноз кўрсаткичлари доирасида сақланиб қолиши, ички бозорда товарлар ва хизматлар таклифининг ортиши, шунингдек, миллий валюта алмашув курсини барқарорлиги қисқа ва ўрта муддатли инфляцион кутилмаларнинг пасайишига хизмат қилди.
Марказий бакнинг ички валюта бозоридаги интервенцияларининг белгиланган параметрлар доирасида бўлиши, давлат қимматли қоғозларини муомалага чиқарилиши ҳамда Марказий банкнинг депозит аукционлари банк тизимидаги қўшимча ликвидликни стерилизация қилиш имконини берди ва иқтисодиётда ижобий реал фоиз ставкаларини сақлаб қолинишига хизмат қилди.
Иқтисодиётда жамғариш фаоллигининг барқарор ўсиш тенденцияси сақланиб қолди. 2019 йилнинг I чорагида жисмоний шахсларнинг муддатли депозитлари ҳажми 19,2 фоизга, юридик шахсларники эса – 13,2 фоизга ўсди.
Ташқи иқтисодий шароитларда сезиларли ўзгаришлар кузатилмади. Асосий капиталга инвестицияларнинг жадал ўсиши ва ташқи қарз манбаларидан инвестицион ресурслари оқимининг ортиши, ускуналар ва ишлаб чиқариш линиялари импортида акс этмоқда.
Бу ўз навбатида, жорий ҳисоблар баланси манфий сальдосининг сақланиб қолишига олиб келди.
Марказий банк иқтисодий ўсишнинг 5,2-5,4 фоизлик асосий прогнозини сақлаб қолмоқда. Кейинги даврларда ҳам хорижий кредит линиялари ва ўрта даражадаги юмшоқ солиқ-бюджет сиёсати ҳисобига инвестицияларнинг юқори суръатларда ўсиши, аҳоли даромадларининг ортиши ҳамда трансчегаравий пул ўтказмаларининг ижобий динамикаси иқтисодий ўсишнинг асосий омиллари бўлиб қолади.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15