Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди

Жамият

image

Бугун, 28 декабрь куни Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани 14 фоиз даражасида – ўзгаришсиз қолдирди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди. 

Банкка кўра, 2025 йил декабрь ойида умумий инфляция прогноз доирасида шаклланиб, йиллик 7,3 фоизгача пасайган. Инфляциянинг пасайишига қатъий пул-кредит шароитлари, алмашув курсининг мустаҳкамланиши ва импорт нархлари таъсирларида базавий инфляциянинг секинлашуви ҳисса қўшган. Хусусан, декабрь ойида базавий инфляция йиллик ҳисобда 5,7 фоизгача пасайган.

Хизматлар инфляцияси маълум даражада секинлашганига қарамасдан, талаб омиллари таъсирида умумий инфляциядан юқори даражада сақланиб қолмоқда. Шу билан бирга, иқтисодиётдаги инфляцион кутилмалар пасайиш тенденциясидан тўхтаб, декабрь ойида бир оз ўсиши қайд этилган.

Ушбу омиллар инфляцияни таргет даражасигача барқарор пасайтириш учун пул-кредит шароитларини узоқроқ муддат қатъий сақлаб қолиш зарурлигини кўрсатади.

Янгиланган прогнозларга кўра, 2026 йил якунлари бўйича инфляция даражаси 6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.

Юқори инвестицион фаоллик, фискал харажатлар ва пул ўтказмаларининг ортиб бориши иқтисодиётда даромадлар ўсиши ҳамда истеъмол талабини жорий йилда ҳам рағбатлантирувчи омил бўлади.

Бундан ташқари, айрим асосий озиқ-овқат товарлари таклифи билан боғлиқ хатарлар ҳамда қиш мавсумида таъминотдаги узилишлар келгуси ойларда озиқ-овқат ҳамда хизматлар нархларига оширувчи таъсир кўрсатиши мумкин.

Ташқи иқтисодий муҳитда ноаниқликлар сақланиб қолишига қарамасдан умумий таъсирлар нисбатан мўътадил бўлиши кутилмоқда. Асосий савдо ҳамкор мамлакатларда инфляция пасайиш трендига ўтди, жаҳон иқтисодиётида ўсиш суръатлари кутилганидан юқори шаклланди.

Қимматбаҳо металлар нархларининг юқори даражада ўсиши келгусида ҳам экспорт тушумлари ва бюджет даромадлари таркибида салмоқли улушга эга бўлиши прогноз қилинмоқда.

Ички валюта бозорида хорижий валюта таклифининг экспорт тушумлари, хорижий кредитлар ва пул ўтказмалари субъектларининг қўллаб-қувватланиши 2025 йилда сўмнинг 6,9 фоизга мустаҳкамланишига хизмат қилди.

Жорий иқтисодий ва инвестицион фаоллик фонида йил якуни бўйича иқтисодий ўсиш суръатлари 6,5-7 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 11 декабрь куни Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани 14 фоиз даражасида – ўзгаришсиз қолдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий банк асосий ставка

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг