Марказий банк тижорат банкларини огоҳлантирди
Жамият
−
23 Январь 4598 3 дақиқа
Марказий банк қарз олувчи томонидан кредит (микроқарз) шартномаларида белгиланган тўлов бўйича мажбуриятлар ўз вақтида бажарилмаган ҳолатларда қўлланилаётган чора ва санкциялар амалиёти бўйича тижорат банкларини огоҳлантирди. Бу ҳақда Марказий банкнинг расмий хатида келтирилган.
Қайд этилишича, ўрганиш натижалари айрим ҳолларда банклар томонидан кредит бўйича тўловлар кечиктирилганда қўлланилаётган санкциялар миқдори кредитнинг дастлабки қийматига ҳам, кредиторнинг ҳақиқий харажатларига ҳам мутаносиб эмаслигини кўрсатмоқда.
Хусусан:
- тўловлар муддати бузилганда кечиктирилган тўлов суммаси учун ҳисобланадиган фоиз кредит бўйича шартномада белгиланган йиллик ставкага нисбатан 1,5-3 баробарга, баъзи ҳолатларда эса йиллик 150-180 фоизгача оширилмоқда. Бунда, ушбу санкция фоизли даромаднинг муқобил шаклига айланмоқда;
- кредит бўйича фоизларни тўлаш муддати кечиктирилганда кунлик пеня (уни ҳисоблаш бўйича энг юқори чегара белгиланмаган ҳолда) ҳисобланиб, унинг йиллик миқдори кредитнинг дастлабки қийматидан бир неча баробар юқори даражаларга етиб бормоқда;
- ҳар бир кечиктириш ҳолати учун кредиторнинг ҳақиқий харажатлари билан боғлиқ бўлмаган қўшимча бир марталик жарималар қўлланилмоқда.
Бир вақтнинг ўзида оширилган фоиз ставкаси, пеня ва бир марталик жарима чораларининг биргаликда қўлланилаётган ҳолатлар ҳам аниқланган. Натижада, тўлов муддатини кечиктириш билан боғлиқ умумий қўшимча харажатлар кредитни виждонан ва ўз вақтида хизмат кўрсатиш қийматидан бир неча баробар юқори бўлишига ҳамда қарз олувчи учун юзага келадиган ҳақиқий молиявий юклама ушбу мажбуриятлар бажарилишини иқтисодий жиҳатдан қийинлаштирадиган даражага олиб келмоқда.
Марказий банк бундай амалиёт кредитор учун кечикишнинг олдини олиш ёки қарзни ўз вақтида тўлашга кўмаклашишдан кўра, кечикиш ҳолатидан фойда кўриш манфаатлироқ бўлган иқтисодий моделни шакллантираётганлигини қайд этади.
Қайд этилишича, кредит шартномаларидаги бу каби шартлар кредиторни тўлов интизомини таъминлашдан кўра кечиктириш ҳолатидан даромад олишга объектив равишда ундайди ҳамда кредитлаш шартларининг очиқ ва тушунарли равишда ошкор этилишида шаффофликнинг бузилиши хавфини келтириб чиқаради, яъни мажбуриятлар бузилган тақдирдаги ҳақиқий молиявий оқибатлар кредит олиш тўғрисида қарор қабул қилиш босқичида қарз олувчи томонидан етарлича баҳоланмай қолади.
Бундай амалиётлар томонлар манфаатлари мувозанатини бузади ҳамда ижтимоий хатарларнинг ортишига, фуқаролар мурожаатлари сонининг кўпайишига ва банк тизимига бўлган ишончнинг пасайишига олиб келади.
Марказий банк мажбуриятларни кечиктириб бажарганлик учун қўлланиладиган санкциялар компенсацион характерга эга бўлиши лозимлигини билдириб, кредиторнинг кечикишдан иқтисодий манфаатдор бўлишига олиб келадиган ҳамда қарз олувчининг жавобгарлик чораларини мустақил даромад манбаига айлантирадиган шартнома шартлари шакллантирилишини йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат деб ҳисоблайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда онлайн кредит олишда фирибгарликка учраган фуқаролардан кредитни ундириш тўхатилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси