Yangi bank’нинг фаолияти тугатилди

Жамият

image

Кеча, 15 январь куни Ўзбекистондаги “Yangi bank” акциядорлик жамиятининг лицензияси бекор қилинди. Бунга банк фаолиятида аниқланган камчиликлар сабаб бўлган. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг кеча, 15 январдаги 1/1-сонли қарорига мувофиқ, “Yangi bank” акциядорлик жамиятининг банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси чақириб олинган. Мазкур қарор банк фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар етарли даражада самара бермагани, жумладан, устав капитали миқдорини қонунчиликда белгиланган энг кам талаблар даражасига етказилмагани, шунингдек, банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган айрим талаблар бажарилмагани сабабли қабул қилинган.

“Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги ҳамда “Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида”ги қонунларга мувофиқ, банк фаолиятини ўрнатилган тартибда тугатиш белгиланган ҳамда тугатиш комиссияси тайинланиб, унга тугатиш ишларини бошқариш ваколатлари ўтказилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жами мавжуд 32 минг 526 нафар омонатчиларнинг 32 минг 153 тасига кафолатланган омонат суммалари тўлиқ қайтариб берилади (омонатлар тўлаб берилиши бўйича аниқ ҳисоб-китоблар Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан эълон қилинади), 373 нафар фуқаро бўйича эса кафолатланган омонат маблағларидан қолган қисми тугатиш комиссиясининг қарорига кўра қонунчиликда белгиланган тартибда қайтарилади.

“Ушбу масала Марказий банкнинг доимий эътиборида бўлиб, жараён босқичма-босқич кузатиб борилади ва жамоатчиликка мунтазам равишда ахборот бериб борилади”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, банк устав капиталининг энг кам миқдори 2025 йил 1 январдан бошлаб 500 млрд сўмни ташкил этиши лозим. Бироқ 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, “Yangi bank” акциядорлик жамиятининг устав капитали 355 млрд сўмни ташкил этган. Мазкур ҳолатлар юзасидан Марказий банк томонидан “Yangi bank” акциядорлик жамияти кузатув кенгаши ва бошқарувига устав капиталини белгиланган минимал талабга мувофиқ шакллантириш зарурлиги бўйича бир неча бор ёзма огоҳлантиришлар берилган. Шунга қарамасдан, “Yangi bank” акциядорлик жамияти томонидан ушбу масала бўйича етарли амалий чоралар кўрилмаган.

Банк устав капиталининг белгиланган энг кам миқдорга мос келмаслиги, шунингдек, айрим молиявий операцияларни амалга оширишда белгиланган чекловларга риоя этилмаганлиги “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 54-моддасига мувофиқ жиддий қоидабузарликлар ҳисобланади ҳамда банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни чақириб олиш учун асос бўлади. Шу билан бирга, мазкур қонуннинг 77-моддасига мувофиқ, банкнинг кетма-кет уч чорак давомида регулятив капиталининг 10 фоизидан ортиқ миқдорда зарар кўргани ёки зарар миқдори муддатидан қатъий назар регулятив капиталнинг 50 фоизидан ортиқ қисмини ташкил этгани ёхуд бундай зарар юзага келиш эҳтимоли мавжудлиги банк лицензиясини чақириб олиш учун асос бўлади.

Кафолатланган омонатлар бўйича компенсация тўлаш юзасидан Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан жамоатчиликка доимий равишда расмий ва ишончли ахборот бериб борилади. Омонат маблағлари бўйича компенсация тўланиши бўйича батафсил маълумотни Омонатларни кафолатлаш агентлигининг +998-55-550-05-00 рақамли ишонч телефони орқали олиш мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий банк лицензия Yangi bank

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг