Ўзбекистонда инфляция даражаси пасайди

Жамият

image

Ўзбекистонда йиллик инфляция даражаси 2019 йил охиридаги 15,2 фоиздан 11,6 гача пасайди. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуротов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, амалга оширган таҳлиллари йил сўнгига қадар инфляция прогноз динамикасининг янада секинлашишини кўрсатмоқда.

Бу ўз навбатида, инфляция даражаси пасайиб боргани сари ижобий реал фоиз ставкалар даражасини ҳам бир маромда мақбуллаштириб боришни талаб этади.

“Иқтисодий фаолликнинг секинлашуви шароитида ижобий фоиз ставкаларининг жуда ҳам юқори даражада бўлиши иқтисодиётда ишлаб чиқариш ва инвестицион жараёнларни секинлаштиришга олиб келиши мумкин.

Шу нуқтаи назардан, ушбу қарор пандемия шароитида инфляцияни пасайтириш ва иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни таъминлашга хизмат қилади, деган умиддамиз”, дейди регулятор раҳбари.

Жорий йил якунигача инфляцияни кескин оширувчи омилларнинг нисбатан камлиги пул-кредит шароитларини инфляцион хатарларни юзага келтирмасдан юмшатиш имконини беради.

“Агар 2019 йил якунида йиллик инфляция даражаси 15,2 фоиз бўлган бўлса, август ойига келиб 11,6 фоизгача секинлашди ва биз белгилаган мақсадли траекториядан паст бўлди”, дейди Мамаризо Нурмуротов.

Ўтган 8 ойдаги инфляциянинг пасаювчи динамикасининг шаклланиши асосан:

•    тартибга солинадиган нархларнинг ўзгаришсиз қолганлиги;
•    карантин чекловларининг ички талабга ҳамда аҳоли даромадлари ва бандлик даражасига пасайтирувчи таъсири;
•    мева-сабзавотлар нархларининг мавсумий пасайиши;
•    иқтисодиётга кредит қўйилмаларининг ўтган йилга нисбатан секинроқ суръатларда ўсганлиги;
•    валюта курсининг апрель ойидаги девальвациясидан кейинги ойларда барқарорлашуви ва бошқалар билан изоҳланади.

Монетар омиллар нуқтаи-назаридан қаралса, иқтисодиётда пул таклифини ўсишига олиб келувчи омиллар, яъни кредитларни ўсиши, иқтисодиётга қўшимча ликвидлилик чиқариш суръатлари ўтган йилга нисбатан бирмунча секинлашган. Асосан фискаль табдирлар, хусусан, пандемия шароитида бюджет харажатларининг даромадларига нисбатан юқори суръатларда амалга оширилиши маълум бир жиҳатдан пул массаси ўсишига сабаб бўлган.

2020 йилнинг I ярим йиллигида бюджет харажатлари 64,8 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,7 трлн. сўмга юқори бўлди.

Банкларни кредит ажратиш фаолиятига тўхталиб, 2020 йилнинг 8 ойи давомида тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар қолдиғи 40,7 трлн. сўмга (24,2 фоиз) ва аҳолига ажратилган кредитлар қолдиғи 10 трлн. сўмга (25,3 фоиз) ўсганлигини қайд этиш мумкин.

Йиллик инфляция таркибида ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 8 фоизга ва хизматлар тарифлари 7,5 фоизга ўсиб, умумий инфляцияни пасайтирувчи таъсир кўрсатди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи эса 16,8 фоизга, яъни нисбатан юқори суръатларда ўсиб, умумий нархларга оширувчи таъсир кўрсатди.

Яна бир муҳим кўрсаткич – бу иқтисодиётдаги инфляцион кутилмалар.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари жорий йил июль ойидаги ўсишдан сўнг сезиларли даражада пасайди.

Бироқ инфляцион кутилмалар ва амалдаги инфляция ўртасидаги фарқ жорий йил март ойидан буён юқори даражада сақланиб қолмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий банк инфляция

Баҳолаганлар

64

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг