Ўзбекистонда эрта никоҳ 7 бараварга ошди. Бунинг чорак қисми севги-муҳаббат билан изоҳланмоқда (видео)

Жамият

image

Ўзбекистонда эрта турмуш 2024 йилда 2023 йилга нисбатан 7 бараварга кўпайган. Бу ҳақда бугун, 18 март куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг бешинчи ялпи мажлисида сенатор Гулнора Маъруфова маълум қилди.

Сенатда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси кўриб чиқилган. Сенатор Гулнора Маъруфова ёшлар орасида эрта турмуш 2024 йилда 300 га яқин бўлгани ва бу ўтган 2023 йилга нисбатан 7 бараварга кўпайганини қайд этиб, никоҳлар қизларнинг ихтиёрисиз, ота-оналар ёки қариндошларнинг босими остида бўлаётганини таъкидлади.

“Бу борада қандай янгиликлар бор ва қандай таъсирчан чоралар кўриляпти, қанақа таклифлар бор?”, дея Хотин-қизлар қўмитаси вакилига савол берди Гулнора Маъруфова.

Мазкур саволга оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова жавоб берди.

“Ҳақиқатан ҳам бу йил ўтган йилга нисбатан эрта никоҳлар кескин ошган. Бу янаям маҳалла фаолларининг, ижтимоий ҳимоя ходимларининг уйма-уй кириб, ишга масъулият билан ёндашиб ҳолатларни аниқлаганида кўринди. Биз мазкур масала бўйича масъул ташкилотлар билан келишган ҳолда иш олиб бордик ва ўрганишларда никоҳларнинг 70 фоизида ота-она сабабчи экани, 26 фоизда бунга севги-муҳаббат сабаб қилиб кўрсатилгани, 3,4 фоизда эса ҳомила билан боғлиқлиги, 1,5 фоизи эса диний қарашлар билан алоқадор экани билан изоҳлаган”, дейди Мукаррам Нурматова.

Мукаррам Нурматовага кўра, Оила кодексининг 15-16 моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича иш олиб борилган. Қонунчилик бўйича айни ҳолат билан боғлиқ айрим истисно пайтларда туман ва шаҳар ҳокимлари эрта никоҳ қуриш учун рухсат беради. Лекин лойиҳага кўра, эндиликда агар шундай зарурат бўлса, яъни бола туғилиши, ҳомиладорлик, вояга етмаган шахснинг муомалага тўла лаёқатли дея эълон қилинганда никоҳ ёшини кўпи билан 1 йилга камайтиришга рухсат берилади. Шунингдек, бундай ҳолат учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 473-моддасида назарда тутилган жаримани ҳам ошириш таклиф қилинмоқда.

Қуйидагилар учун жарималар миқдорини ошириш белгиланмоқда:

  • никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш – БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3,4 миллион сўмдан 5,1 миллион сўмгача). Амалда БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача;

  • ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш – БҲМнинг 15 бараваридан 20 бараваригача (5,1 миллион сўмдан 6,8 миллион сўмгача);

  • никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш – БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача (6,8 миллион сўмдан 10,2 миллион сўмгача);

  • қонунда ўрнатилган никоҳ тузиш ва расмийлаштириш билан боғлиқ бўлган тартиб ва шартларни бузиш – БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача (5,1 миллион сўмдан 10,2 миллион сўмгача).


Мақола муаллифи

Теглар

никоҳ эрта турмуш эрта никоҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг