Тошкентда эркак вояга етмаган қизга уйланиб, унга зўравонлик қилиб келгани аниқланди
Crime
−
10:57 3400 3 minutes
Тошкентнинг Олмазор туманида вояга етмаган қиз билан шаръий никоҳдан ўтиб яшаб келган эркак унга зўрлик ишлатиб, тан жароҳати етказгани аниқланди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, Н.М. 2025 йил 28 август куни Ч.Б. билан шаръий никоҳдан ўтиб, шу кундан буён у билан бирга яшаб келган. Дастлабки маълумотларга кўра, Ч.Б. вояга етмаган Н.М.га нисбатан зўрлик ишлатиб, жисний эҳтиёжларини қондирган ва қизга тан жароҳати етказган.
Билдирилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Олмазор туман Ички ишлар бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, жорий йилнинг 5 октябрь куни Олмазор туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳамда туман ИИБ ходимлари иштирокида вояга етмаган Н.М. ва унинг аммаси Н.Н. билан суҳбат ўтказган.
Ҳозирги вақтда вояга етмаган қизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хавфсизлигини таъминлаш ҳамда руҳий ҳолатини барқарорлаштириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Агентликка кўра, келгусида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Н.М.га ҳимоя ордери расмийлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятида эркак 10 яшар болани 2 ой давомида зўрлаб келгани, жинояти фош бўлгач, ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Намангандаги боғчада фожиа
Аввалроқ, Наманган вилоятидаги боғчада омбор мудири 5 яшар тарбияланувчини зўрлагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жорий йилнинг 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) 4-қисми ва 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган К. М. процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, yшбу воқеа ортидан Ўзбекистондаги боғчаларда ходимларни текшириш бошланганди ҳамда юз берган кўнгилсиз ҳолатни атрофлича ўрганиш, масъулларнинг хизмат вазифасига лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ишчи гуруҳ тузилганди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритган. Мазкур ҳолат бўйича терговни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев шахсан назоратга олган.
Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 5 яшар қизни зўрлаган омбор мудирига максимал оғир жазо берилишини билдирган эди. Намангандаги 5 яшар қизалоқ билан боғлиқ фожиа ортидан унинг оиласи бошқа шаҳарга кўчирилиб, уларга уй-жой ва зарур реабилитация хизматлари кўрсатилиши ҳам маълум қилинган.
Педофилларга умрбод қамоқ
Намангандаги фожиа ортидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ва Болалар омбудсмани болаларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш таклифини илгари сурди. Кейинроқ Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликни кескин кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ва иккинчи ўқишда маъқуллади. Кейинроқ қонун Олий Мажлис Сенати томонидан ҳам кўриб чиқилди ва маъқулланди. Унга кўра, Ўзбекистонда 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан содир этилган номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши белгиланмаоқда.
Live
All