Афғонистонда ҳар икки қиздан бири вояга етмасдан турмушга берилмоқда – БМТ
World
−
09:49 1469 3 minutes
Афғонистонда қизларнинг эрта турмушга берилиши уларнинг таълим олиши, соғлиғи ва келажакдаги имкониятларига таҳдид солмоқда. Бу ҳақда БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF) 11 октябрь – Халқаро қизлар куни муносабати билан маълум қилди.
UNICEF маълумотларига кўра, Афғонистонда 20-24 ёшли аёлларнинг 28,7 фоизи 18 ёшга тўлмасдан турмушга чиққан. Айрим ҳудудларда эса ҳар икки қиздан бири вояга етмасдан турмушга берилади. Бу ҳақдаги маълумотлар 2022-2023 йилларда ўтказилган кўп кўрсаткичли кластер тадқиқоти натижаларида келтирилган.
Қайд этилишича, эрта турмуш қизларнинг таълимини тўхтатиб қўйиши, уларнинг соғлиғи ва фаровонлигига зарар етказиши мумкин. Шунингдек, бу ҳолат зўравонлик ва ижтимоий яккаланиш хавфини оширади. Эрта ҳомиладорлик ва туғруқ эса қизлар ҳаётига жиддий таҳдид солади.
Жамғарма маълумотларига кўра, Афғонистонда 15-19 ёшдаги қизлар ўлимининг асосий сабабларидан бири ҳомиладорлик ва туғруқ билан боғлиқ асоратлардир.
UNICEF болаларни эрта турмушга беришнинг олдини олиш мумкинлигини таъкидлаб, бунинг учун қизларнинг таълим олишини таъминлаш, оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва қонунчиликни такомиллаштириш муҳимлигини қайд этган. Ташкилот оилалар, диний ва жамоат етакчилари ҳамда халқаро ҳамкорларни бу борада биргаликда ҳаракат қилишга чақирган.
Шунингдек, жамғарма “Толибон” маъмуриятидан олтинчи синфдан юқори синфларда қизларнинг ўқишини тиклашни сўраган.
Маълумот учун, “Толибон” 2021 йилнинг август ойида ҳокимиятга қайтганидан кейин қизларнинг олтинчи синфдан юқори босқичларда таълим олиши чекланган. 2022 йилнинг декабрь ойида эса аёлларнинг университетларда ўқиши ҳам тақиқланган.
UNICEF жорий йилнинг августида Афғонистонда 2,6 миллиондан ортиқ қиз ўрта таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлганини билдирган. Ташкилотга кўра, Афғонистон қизлар ва аёллар учун ўрта ҳамда олий таълим амалда ёпилган дунёдаги ягона мамлакат бўлиб қолмоқда.
Тадқиқот натижаларига кўра, 20-24 ёшли аёлларнинг 9,6 фоизи 15 ёшга тўлмасдан турмушга чиққан. Эрта никоҳ ҳолатлари камбағал оилаларда ва таълим даражаси паст бўлган аёллар орасида кўпроқ учрайди.
Бундан ташқари, қизлар таълими ва аёллар меҳнат фаолиятига қўйилган чекловлар мамлакат иқтисодиётига ҳам зарар етказмоқда. UNICEF 2026 йил апрель ойида амалдаги чекловлар 2030 йилга бориб Афғонистонда 20 минг нафаргача аёл ўқитувчи ва 5 400 нафар аёл тиббиёт ходими етишмаслигига олиб келиши мумкинлигини билдирган. Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, бу чекловлар мамлакатга ҳар йили қарийб 84 миллион доллар миқдорида иқтисодий йўқотиш келтирмоқда.
UNICEF қизларнинг таълим олиши ва аёлларнинг жамият ҳаётида тўлиқ иштирок этишига тўсқинлик қилаётган чекловларни бекор қилишга чақирмоқда. Ташкилот, шунингдек, эрта турмуш хавфи остидаги қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга таълим, тиббий ёрдам ва ҳимоя хизматларидан фойдаланиш имкониятини яратиш бўйича ишларни давом эттиришини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати 2021 йилда ҳокимиятни қайта эгаллаганидан бери тахминан 2,4 миллион нафар афғон қизини ўрта таълим олиш имкониятидан маҳрум қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All