Ўзбекистонда чегараларни қўриқлаш учун 120 та “мобил гуруҳ” ташкил этилди
Жамият
−
31 Октябрь 2022
12486Ўзбекистонда чегаралар хавфсизлигини таъминлаш учун турли куч тузилмалари ходимларидан иборат 120 та гуруҳ тузилди. Бу ҳақда бугун, 31 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган “Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш борасида чегара қўшинлари, мудофаа, божхона хизмати, ички ишлар органлари ва маҳаллалар ўзаро ҳамкорлигининг асосий йўналишлари: тажриба, самаралар ва истиқболдаги вазифалар” мавзусидаги давра суҳбатида айтиб ўтилди.
Тадбир бугунги кунда дунёдаги вазият шиддат билан ўзгариб, хавфсизликка нисбатан таҳдид ва хатарлар тобора кучайиб бораётгани, шу боис, чегара мустаҳкамлигини таъминлаш, турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Хусусан, Ўзбекистон ҳудудига турли жангари гуруҳлар кириб келишининг олдини олиш, мамлакат сарҳадларининг дахлсизлиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий-сиёсий ва тезкор вазиятни узлуксиз назоратга олиш ишларини янада кучайтириш мақсадида Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари, Миллий гвардия, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари билан ҳамкорликда жорий йил март ҳамда август ойларида барча чегарадош аҳоли масканларида “Чегара-тозалаш” тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилган.
Қўшни давлатларда юзага келаётган кескин ижтимоий-сиёсий вазиятнинг мамлакатимизга таъсирининг олдини олиш, тезкор-криминоген ва ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлигини сақлаш, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, турли кўринишдаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги ходимларидан иборат 120 та “мобил гуруҳлар” фаолияти ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ҳарбий қисмлари ходимлари билан ҳамкорликда чўпон, овчи ва ўрмон хўжалиги ходимларини жалб қилган ҳолда 2022 йилнинг ўтган даври давомида чегараолди, тоғли ва бориш қийин бўлган ҳудудларда 2 154 маротаба развед-қидирув тадбирлари ўтказилган.
LiveБарчаси