Ўзбекистон чегарасида туннель қазиганлар учун жазо оғирлаштирилади
Жамият
−
14:20 590 3 дақиқа
Ўзбекистон чегарасида ноқонуний туннеллар қазиганлик учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланади. Бу ҳақда бугун, 9 сентябрь куни Сенатнинг 19-ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини қўриқлаш ҳамда ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда сўз боради.
Мажлисда қайд этилишича, кейинги йилларда Ўзбекистонда давлат чегараларини муҳандислик жиҳатидан мустаҳкамлаш, чегара қўшинларининг моддий-техника базасини кучайтириш ҳамда миллий хавфсизликни таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, трансмиллий жиноятчиликнинг янги кўринишлари, хусусан, давлат чегараси орқали ерости тоннелларини қуриш ва улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари мавжуд қонунчиликни янада такомиллаштириш заруратини юзага келтиргани қайд этилган.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхоновнинг айтишича, 2016-2025 йиллар давомида давлат чегарасида 12 та ноқонуний ерости иншооти ва туннеллар қурилгани аниқланган.
“Энг ташвишлиси, ушбу туннеллар орқали мамлакатимизга божхона назоратидан яширин ҳолда жуда катта миқдордаги товарлар олиб кирилган. Жумладан, Фарғона ва Андижон вилоятларида аниқланган туннеллар орқали 30 миллиард сўмдан ортиқ товар-моддий бойликлар, 137 турдаги товарлар, 3,7 миллион АҚШ доллари ҳамда 5 килограмдан ортиқ олтин ёмбилари мамлакатимизга ноқонуний равишда олиб кирилган, дейди”, дейди Қутбиддин Бурхонов.
Шунингдек, унинг маълум қилишича, 2023 йилда Андижон вилоятида аниқланган 10-12 метр чуқурликда қарийб 400-420 метр узунликда бўлган электр ёритиш ва ҳаво алмашинув тизими билан жиҳозланган ерости туннелли жиноий гуруҳлар қандай даражада пухта тайёргарлик кўраётганлигини кўрсатади.
Қонун билан Жиноят кодексида давлат чегараси орқали еростида ноқонуний тоннеллар ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш, улардан фойдаланиш, бундай фаолиятни ташкил этиш ёки молиялаштириш учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Шунингдек, ана шундай ноқонуний иншоотлардан фойдаланган ҳолда давлат чегарасини кесиб ўтганлик ёки контрабанда жиноятлари содир этганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Бундан ташқари, қонунда инсонпарварлик тамойили ҳам ўз ифодасини топган. Хусусан, биринчи марта ушбу турдаги қилмишни содир этган шахс ўз ихтиёри билан давлат органларига ноқонуний тоннель ҳақида хабар берса ёки жиноятни фош этишга фаол кўмаклашса ҳамда унинг ҳаракатларида бошқа жиноят таркиби бўлмаса, жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкинлиги назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексига киритилаётган ўзгартишларга мувофиқ давлат чегараси орқали еростида ноқонуний тоннеллар қуриш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ жиноятлар бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини Давлат хавфсизлик хизмати органлари терговчилари амалга ошириши белгиланмоқда. Бу мазкур турдаги жиноятларни тезкор аниқлаш ва самарали тергов қилиш имкониятларини янада кенгайтиради.
Муҳокама давомида сенаторлар мазкур қонун давлат чегараси дахлсизлигини мустаҳкамлаш, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш, миллий ва иқтисодий хавфсизликни таъминлаш ҳамда мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишини таъкидлаган.
Сенаторлар қонунни маъқуллаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу мажлисда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқуллангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси