Ўзбекистонда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича стратегия тасдиқланди

Жамият

image

Ўзбекистонда 2026-2030 йилларга мўлжалланган болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича стратегия ва ҳаракатлар режаси тасдиқланди. Бу ҳақда бугун, 17 декабрь куни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур ҳужжат Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг амалий ва тизимли ижросини таъминлаш, шунингдек болаларнинг хавфсизлиги ва қўллаб-қувватланишини кафолатлайдиган барқарор механизмни шакллантиришга қаратилган.

Стратегиянинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларини бажариш доирасидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади. “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилингач, Ўзбекистон Богота чақириғига қўшилган ҳамда Pathfinding халқаро альянсига аъзо бўлган. Бу эса мамлакатнинг болаларга нисбатан зўравонликка нисбатан мутлақо муросасиз позициясини тасдиқлайди.

Стратегия зўравонликнинг барча шаклларини қамраб олади ҳамда INSPIRE халқаро ёндашувларига, илғор жаҳон тажрибаси ва энг яхши амалиётларга асосланади. Ҳужжат ишларнинг тўлиқ жараённи – зўравонлик ҳолатларини аниқлаш, тезкор жавоб чораларини кўриш, профилактика ва мониторингни ўз ичига олади.

“Бугунги кун мен ва жамоам учун алоҳида аҳамиятга эга. Президентимиз томонидан “2026-2030 йилларда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармон имзоланди. Ушбу ҳужжат устида жамоамиз билан катта ва масъулиятли иш амалга оширилди. Болаларни ишончли тарзда ҳимоя қиладиган самарали тизимни шакллантириш мақсадида жаҳон тажрибаси ва энг илғор амалиётлар чуқур ўрганилди”, дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева.

Унинг билдиришича, 2026 йилдан бошлаб профессионал тутинган оилалар билан иш бошланади. Болалар психологлар ва ҳуқуқшунослар ёрдамини олиш имкониятига эга бўлади, оилалар эса зарур кўмак ва оилавий терапия хизматлари билан таъминланади. Оилани парчалаш эмас, балки уни қўллаб-қувватлаш ва қайта тикланишига ёрдам бериш устувор вазифа ҳисобланади. Республика ўқув-тарбия муассасаларини тўлиқ ёпиш бўйича қатъий қарор қабул қилинган. Уларнинг ўрнида антиижтимоий хулқ-атворга эга болалар учун ижтимоий интеграция марказлари ташкил этилади. Ушбу марказларда асосий эътибор жазолашга эмас, балки болаларни жамиятга мослаштириш ва соғлом ҳаётга қайтаришга қаратилган бўлади.

“Мен учун энг аҳамиятли ўзгаришлардан бири, шубҳасиз, қонунчиликка киритилаётган ўзгаришлардир. Тергов ва суд жараёнлари жабр кўрган бола учун қўрқув ёки оғриқ манбаига айланмаслиги керак. Бу кенг кўламли ислоҳотларнинг фақат бир қисми. Ушбу муҳим ва масъулиятли вазифани амалга оширишда ҳисса қўшган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги жамоасига ҳамда барча ҳамкорларимизга миннатдорлик билдираман”, дейди Шаҳноза Мирзиёева.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева масъул раҳбарлар билан аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш, уларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш, эрта ҳомиладорлик сабаблари ва уларнинг олдини олиш чоралари каби долзарб масалаларни муҳокама қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

болалар стратегия зўравонлик Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг