Ўзбекистонда биринчи бўлиб коронавирусга қарши эмланадиган тоифаларда ўзгариш бўлиши мумкин
Жамият
−
22 Февраль 2021
11881Коронавирусга қарши биринчи навбатда вакцина олувчилар рўйхати қайта кўриб чиқилади. Бунга мазкур рўйхатга журналистлар, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоат транспорти ходимлари, шунингдек чет давлатларда таҳсил олувчи талабалар ва меҳнат мигрантлари ҳам киритилганлигининг ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинаётгани сабаб бўлган.
Бу ҳақда бугун, 22 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Баҳодир Юсупалиевнинг ҳамда Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг аҳолини коронавирусга қарши эмлаш борасида режалаштирилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотини тинглаш чоғида айтиб ўтилди.
Қайд этилишича, ҳозирда эмланиши лозим бўлган шахсларнинг электрон рўйхатини шакллантириш, 3 138 та эмлаш пункти, 862 та ҳаракатдаги ва мобиль бригадалар фаолиятини йўлга қўйиш, мавжуд 1 та марказий, 14 та ҳудудий ҳамда 206 та туман (шаҳар) вакцина сақлаш омборхоналарини, улардаги 457 та совуткич, 148 та электр генератор, 121 та термосумка ва термоконтейнерни шай ҳолатига келтириш ишлари олиб борилмоқда.
Аҳолини эмлаш тадбирларига жалб этиладиган тиббиёт ва бошқа ходимлар жорий йилнинг февраль ойи якунига қадар коронавирусга қарши эмлаш масалалари бўйича қайта ва тўлиқ тайёргарликдан ўтказиш режалаштирилган.
Таъкидланишича, коронавирусга қарши биринчи навбатда вакцина олувчилар рўйхати юзасидан халқ вакиллари томонидан Ҳукуматга бир қатор таклифлар берилган. Негаки айни кунларда коронавирусга қарши биринчи навбатда вакцина олувчилар рўйхатига журналистлар, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоат транспорти ходимлари, шунингдек чет давлатларда таҳсил олувчи талабалар ва меҳнат мигрантлари ҳам киритилганлиги ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Парламент эшитувида халқ вакиллари кекса ва нуронийлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож, яъни “Темир дафтар”га киритилган ва ногиронлиги ҳамда сурункали касалликлари бўлган шахслар, тиббиёт ходимлари, мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим ташкилотлари, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини биринчи навбатда эмлаш ишларини ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди, деган таклифни илгари сурди.
Аввалроқ, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Наманганга ташрифи давомида мамлакат аҳолисини коронавирусга қарши эмлаш учун синовлар олиб борилаётганини, натижаларига кўра, энг маъқул препарат сотиб олинишини маълум қилганди. Бундан ташқари, миллиардер Алишер Усмонов Ўзбекистон харид қилишни режалаштираётган 1 млн доза вакцинанинг 500 минггини ўз ҳисобидан олиб бериши таъкидланганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда дастлабки босқичда хавф гуруҳига кирувчи 4 млн 112 минг киши эмланиши режалаштирилган. булар:
• 65-74 ёшгача бўлган қариялар 1 млн 85 минг 797 нафар;
• 75 ёшдан 84 ёшгача бўлган кексалар 388 минг 686 нафар;
• 85 ёш ва ундан юқори кексалар 139 минг 280 нафар;
• тиббиёт ходимлари 447 минг 976 нафар;
• сурункали касалликлари бор аҳоли (18-65 ёш) 888 минг 190 нафар;
• мактаб ўқитувчилари 689 минг 383 нафар;
• мактабгача таълим муассасаси ходимлари 223 минг 426 нафар;
• Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари 180 минг нафар.