Вакцинанинг энг яхшисини, пулидан қатъи назар, олиб келамиз – Мирзиёев
Жамият
−
20 Февраль 2021
4700Ўзбекистонда Европа, Хитой ва Россия билан коронавирусга қарши вакцина етказиб бериш борасида музокаралар олиб боряпти. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгаши йиғилишида айтиб ўтди.
“Эмлаш тўғрисида кўп гапириляпти. Биз Европа, Хитой ва Россиядаги ҳамкорларимиз билан вакцина бўйича кўп ишлаяпмиз. Албатта, олиб келамиз. Эмлаш чораларини кўряпмиз. Буни шошилиб қилиш мумкин эмас. Мен ўзим қайси вакцина энг маъқули экан деб ҳар ҳафтада 2-3 кун ўтираман”, деган Президент.
У сўзида давом этиб вакцина учун 3 трлн сўм ажратилганини таъкидлаб, ҳозирда синовлар олиб борилаётганини қўшимча қилди.
“Мурожаатномада айтилди 3 трлн пулни захира қилиб қўйдик. Унинг энг маъқулини топамиз. Халқимизга фойдаси кўпроқ бўладиган вакцинани сотиб оламиз. Етти марта эмас, ўн марта ўлчаб, бир марта кесамиз. Халқимизнинг саломатлигини ўйлаш мен учун энг катта масалалардан бири. Синовларни ўтказяпмиз, қайси бири маъқул бўлса, пулидан қатъи назар халқимизга керакли миқдорда вакцинани олиб келамиз”, дея сўзини якунлаган Шавкат Мирзиёев.
Аввалроқ, миллиардер Алишер Усмонов Ўзбекистон харид қилишни режалаштираётган 1 млн доза вакцинанинг 500 мингини ўз ҳисобидан олиб бериши хабар қилинганди.